Наманган вилоятида ЎзННТМА вилоят ҳудудий бўлинмаси, вилоят Адлия, Солиқ ва Статистика бошқармалари билан ҳамкорликда вилоятда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари учун “Йиллик ҳисоботларни тайёрлаш ва унинг муҳим жиҳатлари” мавзуида семинар ташкил этилди.
Дастлаб, ЎзННТМА Наманган вилояти ҳудудий бўлимининг 2021 йилда амалга оширган ишлари тўғрисида ахборот берилди.
Қайд этилдики, ўтган давр мобайнида мамлакатимиз раҳбарининг “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳамда “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, вилоятда бугунги кунда 548 та ННТлар фаолият кўрастаётган бўлса, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган грант танловларида 115 та ННТ 120 дан ортиқ ижтимоий лойиҳалари билан иштирок этди. Энг қувонарлиси, вилоятнинг ҳар бир туманида биттадан ижтимоий лойиҳа амалга оширилишига эришилди.
“Ўтиб бораётган мазкур йилда вилоятимиздаги ННТлар учун ижтимоий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва уларни ҳаётга тадбиқ қилиш ҳамда ННТлар фаолиятини самарали ташкил этиш масалаларига қаратилган қатор маҳорат дарсларини ташкил этдик. Натижада, ушбу дарсларда иштирок этган 49 та ННТларнинг 55 та грант лойиҳалари жамоат фондлари комиссиялари томонидан мақулланиб, 2 млрд. 353 млн. сўм миқдорида молиялаштирилди. Шунингдек, 2 та ижтимоий лойиҳа учун 2 млрд. 854 млн. сўм миқдорида маблағ ажратилди”, - дейди ЎзННТМА Наманган вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Икромжон Каримов.
Семинарда шунингдек, ННТларнинг йиллик ҳисоботларини тайёрлаш ва топшириш, уларнинг даврийлиги, солиқ, статистик ҳисобот турлари ва муддатлари тўғрисида соҳа вакиллари томонидан батафсил маълумот берилди.
“Йиллик ҳисоботларни тайёрлаш фаолиятимизнинг кичик бўлаги саналсада, эътибор қаратиш керак бўлган бир қатор муҳим жиҳатлари бор. Шундан келиб чиқиб, семинарда ННТлар иштирокида ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари, ҳисобот даврида тайёрланган босма, аудиовизуал ва бошқа материалларимиз ҳамда йил давомида ҳамкорлик қилган ташкилотларимиз бўйича маълумотларни белгиланган тартибда тақдим этиш тўғрисида зарурий маълумотларга эга бўлдик”, - дедйи Ўзбекистон ногиронлар жамияти Янгиқўрғон тумани бўлинмаси раҳбари Рислиғой Отамирзаева.
Қизғин мунозаралар ва баҳслар асосида ўтган семинарда иштирокчилар кун тартибидаги масалалар юзасидан ўз таклифларларини ҳамда ечимини кутаётган муаммолар бўйича кўплаб фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
ЎзННТМА Наманган вилоят бўлими