Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда Наманган Давлат Университетининг талабалари иштирокида “Жамоат ташкилотларида ёшлар ва волонтёрлик хизматларини қўллаб-қувватлаш” мавзусида тадбир ташкил этилди.
Тадбирда асосий эътибор мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишлар, волонтёрлик фаолиятининг аҳамияти, уни амалга ошириш шакллари ва турлари тўғрисида ёшларга батафсил маълумот беришга қаратилди.
Қайд этилдики, мамлакатимизда “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинган. Ушбу фаолият мазкур қонун билан тартибга солинган бўлиб, унда волонтёрлик фаолияти йўналишлари, фаолият субъекти, волонтёр ҳуқуқлари батафсил ёритиб берилган.
Сўзга чиққан ННТ вакиллари бугунги кунда ННТлар фаолиятида ҳам волонтёрлик йўналишда бир қатор ибрат бўладиган лойиҳалар амалга оширилаётганлигини алоҳида таъкидлаб, бу борада вилоятдаги илғор ННТлар фаолияти ва улар томонидан амалга оширилган ишлар тақдимотлар асосида таништирилди.
Шунингдек, Болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш ассоциацияси Наманган вилоят ҳудудий бўлинмаси, Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти вилоят ташкилоти, “Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш” жамиятлари федерациясининг вилоят бўлими, Наманган вилоят хотин-қизлар тадбиркорлик маркази ва Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлими томонидан айнан волонтёрлар билан ишлаш уларнинг кўмагидан фойдаланиш, бунга ёшларни жалб қилиш бўйича ортирилган тажриба ва тушунчалар тадбир иштирокчилари билан ўртоқлашилди.
Шу ўринда ёшларнинг ҳам волонтёрлик борасидаги фикрлари ва таклифлари эштилди. Ёшлар сиёсий жараёнларда фаол иштирок этишга, аҳолига кўмак беришга, айниқса ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига ёрдам беришга ҳамиша тайёр эканликларини билдиришди.
Шундан келиб чиқиб, ЎзННТМА ҳудудий бўлинмаси ва ҳамкор ННТлар томонидан ташкил этиладиган тадбирларга талаба ёшларни жалб қилишга, уларни тадбирлар режаси билан хабардор этиб боришга келишиб олинди.
ЎзННТМА Наманган вилоят бўлими