Халқимизнинг улкан жасорати ва матонати билан 1991 йил 31 августда қўлга киритилган Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги кўп минг йиллик тарихимиздаги ҳеч қачон унутилмайдиган, қадр-қиммати ва аҳамияти йиллар, асрлар ўтгани сайин тобора ортиб борадиган буюк тарихий воқеадир.
Мазкур сана юртимизда ўзгача шукуҳ билан нишонланади. Бу йил ҳам жонажон Втанимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрами “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” бош ғояси асосида танта қилинмоқда.
Мазкур ғоя остида Ўзбекистон нодавлат тонижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан республикамизнинг барча ҳудудларида байрам тадбирлари ташкил этилмоқда.
Ана шундай тадбир Андижон вилоятида ҳам ташкил этилди.
Тадбирда Андижон вилояти ҳокимлиги, вилоят адлия бошқармаси мутахассислари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича Жамоат комиссияси ва Жамоат фонди, ЎзННТМА ва “Юксалиш” УМҲ вилоят ҳудудий бўлинмалари, ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Қайд этилдики, мамлакатимизда мустақиллик йиллариданоқ фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мазкур эътибор натижасида бугунги кунга келиб республика бўйича 9 мингдан зиёд, Андижон вилоятида эса 551 та ННТлар адлия органларидан тегишли тартибда рўйхатдан ўтган ҳолда фаолият юритмоқдалар.
Ушбу жамоат ташкилотларига давлат томонидан ҳар томонлама ва қулай шарт-шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг “Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш” деб номланган биринчи устувор йўналишида ўз аксини топган.
Хусусан, келгуси беш йилликда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг миллий моделини шакллантириш, улар эркин фаолият юритиши, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш, фуқаролик жамияти институтларининг давлат органлари билан ҳамкорлиги даражасини, шунингдек, уларнинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қўшаётган ҳиссасини баҳоловчи кўрсаткичларини ишлаб чиқиш, ушбу йўналишлардаги илғор хорижий тажрибани ўрганиб, Ўзбекистон шароитига мослаштириш каби устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратиш кўзда тутилмоқда.
Шундан келиб чиқиб, давра суҳбати давомида иштирокчилар ННТлар фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари олдида турган муҳим вазифалар ҳақида фикр алмашилиб, Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадлар ва устувор йўналишларни амалда рўёбга чиқаришда янада фаол иштирок этиш масалалари юзасидан аниқ таклиф ва амалий тавсияларини билдиришди.
Тадбир якунида фуқаролик жамияти институтлари ривожига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ ННТлар вакилларига Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Кенгаши ҳамда ассоциациясининг Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан таъсис этилган фахрий ёрлиқлар тантанали равишда топширилди.
Ўзбекистон нодавлат нотижорат
ташкилотлари миллий ассоциацияси
Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси