Мурожаатнома нодавлат нотижорат ташкилотлари нигоҳида

Кеча Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш марказининг мажлислар залида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг ташаббуси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди билан ҳамкорликда “Мурожаатнома нодавлат нотижорат ташкилотлари нигоҳида” мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди.
 
Унда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг марказий ва ҳудудий бўлимлари мутасаддилари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси вакиллари, фуқаролик жамиятини шакллантиришда катта тажриба тўплаган, ўзининг ташаббуси билан ташкил этилган нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.
 
 
Очиқ мулоқотда соҳа вакиллари Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида кўтарилган масалалар юзасидан “учинчи сектор” вакиллари олдида турган галдаги вазифалар ва “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурига таклифлар тайёрлашни уюшқоқлик билан ташкил этиш, шунингдек, ЎзННТМАнинг 2020 йил – “Йўл харитаси” лойиҳасини муҳокама этишди.
 
Тадбирда ЎзННТМА Кенгаши раиси Насимжон Алимов Мурожаатномада билдирилган, хусусан ННТлар йўналишидаги муҳим устувор йўналишларни амалга оширишда ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари олидаги вазифаларга тўхталиб ўтди. Давлат билан фуқаролик жамияти институтлари ўртасида амалий ва самарали мулоқот механизмларини такомиллаштириш ва бу борада Мурожаатномада Президентимиз томонидан билдирилган “Жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Жамоатчилик палатасини ташкил этиш” таклифи янги Ўзбекистонинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётида муҳим инновация, айниқса ННТлар фаолиятида туб бурилиш ясаши муқаррар бўлган янгилик, дея таъкидланди.
 
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Шухрат Бафаев Мурожаатномада билдирилган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, айни кунда Парламентда ННТларга дахлдор 5 та қонун устида ишланаётгани ҳақида ахборот берди ҳамда ушбу ҳужжатларнинг муҳокамасида Қонунчилик палатасининг тегишли қўмитаси билан яқин ҳамкорликни амалда таъминлаш ва қўмитанинг барча аъзоларини ҳудудлардаги ННТлар фаолиятига масъуллигини ошириш борасида ўз таклифларини берди.