Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда 2022 йил пахта йиғим-терими мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича Миллий мониторингни ўтказишга оид масалаларга бағишланган семинар-тренинг ташкил этилди.
Семинарда асосан 2022 йил пахта йиғим-терими мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, теримчиларга етарли шарт-шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Онлайн шаклда бўлиб ўтган семинар-тренинг давомида ЎзКУФ раиси ўринбосари Б.Махмадалиев 2022 йил пахта йиғим-терими мавсумида касаба уюшмалари инспекцияларининг вазифалари, ҳосилни нес-нобуд қилмасдан уюшқоқлик билан йиғиб-териб олишни ташкил этиш бўйича режа ва мақсадлари ҳақида тўхталиб ўтди.
Бундан ташқари семинар-тренинг давомида пахта йиғими даврида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, теримчилар учун шарт-шароит яратиш, уларнинг дам олишлари, овқатланишини тўғри ташкиллаштириш, иш ҳақини ўз вақтида тўлаш каби масалалар бўйича ННТлар вакиллари ўз фикр мулоҳазаларини билдириб ўтишди.
Семинар доирасида ННТлар ва тегишли ташкилот вакилларидан таркиб топган Мониторинг гуруҳлари учун планшетлардан фойдаланиш ва уларнинг дастурий таъминоти билан ишлаш, 2022 йилги пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шарт-шароит яратиш юзасидан Миллий мониторингни ўтказиш услубиёти бўйича машғулотлар ўтказилди.