Миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятларининг фуқаролик форуми бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан ўтказилаётган Бағрикенглик ҳафталиги доирасида пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятларининг фуқаролик форуми бўлиб ўтди.

Унга мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган миллий маданий марказлар, дўстлик жамиятларининг вакиллари, тегишли ташкилот ва идоралар, вазирликларнинг мутасаддилари таклиф этилди.

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Р.Қурбонов, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази директори Р.Комилов, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Н.Алимов, “Оила“ илмий-амалий тадқиқот маркази директори Д.Тошмуҳамедова, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари М.Ҳожиматов ва бошқалар миллатлар ўртасидаги тотувликни таъминлаш, жамиятимиздаги ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат муҳити бугун қўлга киритилаётган барча ютуқларда асосий омил бўлаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 19 май куни қабул қилинган “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги фармони миллий маданий маразлар фаолиятини давр руҳига монанд ташкил этиш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтириш борасида янги истиқболларни очмоқда.

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси юртимизда турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги ҳамжиҳатликни таъминлаш, маданий-гуманитар алмашинувни ривожлантириш йўлида миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари билан биргаликда турли тадбирларни ўтказиб келмоқда.

Бугун юртимизда 138 миллий маданий марказ фаолият кўрсатмоқда. Улар турли миллат ва элатларга мансуб фуқароларнинг эзгу қадриятларини асраб-авайлаш, урф-одат ва анъаналари бардавомлигини таъминлаш, ёш авлодни миллатлараро бағрикенглик руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Хорижий давлатлар билан маданий-гуманитар ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишда дўстлик жамиятларининг роли ҳам катта бўлмоқда. Ҳозирда мамлакатимизда 36 дўстлик жамияти фаолият кўрсатмоқда. Жамиятлар Ўзбекистон ва хорижий давлатлар ўртасида дўстлик алоқаларини ривожлантириш, чет элда мамлакатимиз ижобий имижини тарғиб этиш, нодавлат ва бошқа халқаро ташкилотлар билан алоқалар ўрнатиш борасида кенг кўламли фаолият олиб бормоқда.

– Миллий маданий марказлар фаолиятини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар учун кенг шароитлар яратиш масаласи миллий қонунчилигимизда ҳам ўз аксини топган, – деди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раисининг ўринбосари Жаҳонгир Ширинов. – Нодавлат нотижорат ташкилотлари сифатида улар учун солиқ, мажбурий тўловлар бўйича муайян имтиёзлар яратилган. Айни пайтда грантлар, ижтимоий буюртма ва субсидиялар орқали ҳам уларнинг турли илғор ташаббуслари фаол қўллаб-қувватланмоқда.

Тадбирда миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятларининг фаолияти, эришилган ютуқлар, улар дуч келаётган муаммолар ва таклиф этилаётган ечимлар, хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари ва чет элдаги ватандошлар билан ишлашда “халқ дипломатияси“нинг аҳамияти каби масалалар атрофлича муҳокама этилди.