Хабарингиз бор, ЎзННТМА билан Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти ўртасида ҳамкорлик юзасидан меморандум имзоланган эди. Мазкур меморандум асосида бугунга келиб ҳамкорлик ҳудудлар кесимида ҳам кенг йўлга қўйилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциация Сурхондарё ҳудудий бўлинмаси Ўзбекистон Республикаси мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳамда бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида “Грант лойиҳасини ёзиш талаблари ва шартлари” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ давлат субсидиялари, грантлари ва ижтимоий буюртмлари ажратилиши орқали Ўзбекистон Республикаси мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг фаолияти йўналишларини янада ривожлантириш, ташкилотнинг ҳудудлардаги бўлимлари мутахассисларини лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш кўникмаларини шакллантиришдан иборат.
Даставвал иштирокчиларга давлат гранти орқали ижтимоий фойдали мақсадларга эришишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети маблағлари, шунингдек жамоат фондларининг маблағлари ҳисобидан нодавлат нотижорат ташкилотларига ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига уларнинг буюртмалари бўйича очиқ танловларга тақдим этган ижтимоий ва умум аҳамиятга молик лойиҳаларини амалга оширилишини қўллаб-қувватлаш учун бериладиган пул маблағлари ва бошқа моддий ресурслар давлат гранти ҳисобланиши ҳақида батафсил тушунчалар бериб ўтилди.
Хусусан, грант олиш учун лойиҳа-буюртманомасининг таркибий қисмларига тўхталиб ўтилиб, унда жумладан, иштирокчилар муаммониниг таърифи, келиб чиқиш сабаблари ва оқибатлари, лойиҳанинг асосий мақсади, умумий стратегияси, лойиҳа бюджетини ишлаб чиқиш ва унинг шартлари сингари масалалар юзасидан батафсил маълумот олишди.
Маърузачилар ННТ вакиллари томонидан кўтарилган ҳар қандай грант лойиҳаси доирасидаги муаммо ижтимоий жиҳатдан аҳамиятли бўлиши ва у жамиятимиздаги оғриқли бўлиб турган масалани оз бўлсада бартараф этишга хизмат қилиши лозимлигини алоҳида қайд этишди.
Нафиса Турдиқулова
ЎзННТМА Сурхондарё вилояти
ҳудудий бўлинмаси мутахассиси