Меморандум ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди

Жорий йилнинг 30 октябрь куни “Пойтахт” бизнес марказида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳамкорлигида тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққан ЎзННТМА Кенгаши раиси Насимжон Алимов мамлакатимизда илм-фан, таълим, маданият, спорт, ахборот соҳасининг ривожланишида ННТларнинг роли ошиб бораётганини таъкидлади. Шунингдек, Н.Алимов бугунги кунда жамият ҳаётида нафақат ННТлар балки, сиёсий партияларнинг ҳам роли ошиб бораётгани, улар орасида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” партиясининг олдига қўйган мақсад ва вазифалари ҳам ЎзННТМА ўз олдига қўйган вазифалар билан ҳамоҳанг эканлигини эътироф этди.

Тадбир давомида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Иккала томон вакиллари имзолаган битим бир нечта йўналишларни ўз ичига қамраб олган.

Жумладан, ўсиб келаётган ёш авлоднинг баркамол ривожланишига, мустақил фикрлайдиган, жамиятимиз ҳаётида муносиб ўрин эгаллайдиган, мамлакатни янгилаш ва ислоҳ қилишда ҳақиқий ҳал қилувчи куч ва таянч бўладиган, ўз ҳаётий позицияси ва мустақил эътиқодига эга ёшларни тарбиялашга қаратилган нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти самарадорлигини тизимли таҳлил қилиш, қонунларни қабул қилиш жараёнида аҳоли, айниқса ННТ вакиллари ўртасида ҳар томонлама муҳокама қилиш тизимидан самарали фойдаланиш каби устувор вазифалар белгилаб олинган.

Шунингдек, ижтимоий шароити оғир бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, уларни иш билан таъминлаш масалаларида ўзаро ҳамкорлик қилиш ҳамда ННТлар ва аҳолининг зиёлилардан ташкил топган қатлами билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ижтимоий шериклик асосида мустаҳкамлаш, ижтимоий лойиҳа ва дастурларни ишлаб чиқиш ҳам ушбу битимда белгиланган амалга оширилиши лозим бўлган энг муҳим вазифалардан биридир.

Тадбир иштирокчилари таъкидланганидек, ушбу ҳамкорлик меморандуми ЎзННТМА ва Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ўртасидаги ҳамкорликни янада юқори босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этади.

ЎзННТМА Ахборот хизмати