Меморандум ҳамкорликни янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этади

Бугун Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди. 

Тадбирда сўзга чиққан ЎзННТМА раиси Насимжон Алимов  юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ижросини таъминлашга қаратилган амалий тадбирларда иштирок этиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ижтимоий шериклик принципларига асосланган ҳолда, ННТлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳамкорлигини кучайтириш, мавжуд тадбир ва дастурларни ҳамкорликда ижросини таъминлашда ҳамкорлик Меморандумининг аҳамияти муҳим эканлигини таъкидлади. 

“Ҳаракатлар стратегияси”да белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда аҳолининг сиёсий маданияти, ҳуқуқий онги ва саводхонлиги, фуқаролик масъулияти ва ижтимоий фаоллигини ошириш, демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш, мазкур йўналишдаги ишларни такомиллаштиришга қаратилган халқаро, республика ва минтақавий тадбирлар ташкил этиш ва уни ОАВда кенг ёритиш каби масалалар ҳам Меморандумда илгари сурилган. 

Тадбирда таъкидланганидек, томонлар меморандум доирасидаги ҳамкорликда амалга оширилган ишлардан жамоатчиликнинг хабардорлигини янада оширишга ёрдамлашиш мақсадида ҳамкор томонлар веб-сайтида кенг ёритиб боришга ҳам келишиб олишди.

ЎзННТМА Ахборот хизмати