Марказий Осиёда хавфсиз миграция:одам савдосига қарши курашда ННТлар фаоллиги

USAID томонидан молиялаштириладиган ва Винрок Интернешнл томонидан амалга оширилаётган “Марказий Осиёда хавфсиз миграция” (SMICA) лойиҳаси хавфсиз миграцияни рағбатлантириш ва одам савдосига қарши курашиш учун маҳаллий ҳукуматлар, хусусий сектор ва фуқаролик жамияти билан ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.

Шу муносабат билан, SMICA лойиҳаси Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда одам савдосига қарши курашиш бўйича ЎзННТМА ҳудудий бўлинмалари ходимлари ҳамда ННТлар вакилари ва тренерлар учун икки марта уч кунлик замонавий тренинглар ўтказишни режалаштирилган эди.

Илк семинар куни кеча Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида ўтказилди.

Унда ЎзННТМА Кенгаши ва ҳудудий бўлинмалари ходимлари ва ННТлар вакиллари иштирок этди.

Семинарада кўтарилган мавзу доирасида одам савдоси қурбонларини аниқлаш ва уларга ёрдам кўрсатишни кенгайтириш, давлат органлари билан ҳамкорликда ишлаш ҳамда одам савдосига қарши курашишга қаратилган грант лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалаларига ҳам алоҳида урғу берилди.

Шунингдек, семинар иштирокчилари Марказий Осиёда меҳнат миграцияси, муаммолар ва ечимлар, хавфсиз миграцияни ривожлантириш ва одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги грант лойиҳаларини ишлаб чиқиш, муаммолар ва эҳтиёжларни аниқлаш, мониторинг ҳамда баҳолаш, лойиҳаларни молиявий режалаштириш каби масалаларда ўз билимларини бойитдилар.

—Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси нодавлат нотижорат ташкилотларини бирлаштирган мамлакатимиздаги энг йирик жамоат ташкилотларидан бири ҳисобланади, – дейди ЎзННТМА ходими, семинар иштирокчиси О. Тинибеков. —Ассоциациянинг Республикамизнинг барча вилоятларида бўлинмалари мавжуд бўлиб, ҳар йили нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий аҳамиятга эга муаммолар, шу жумладан, хавфсиз миграция ва одам савдосига қарши курашиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишдаги иштирокини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Хусусан, ЎзННТМА ҳудудий бўлинмалари ходимлари нодавлат нотижорат ташкилотларини грант лойиҳаларида фаол иштирок этишга тизимли равишда жалб этиб, грант ҳужжатларини расмийлаштириш, уларни амалга ошириш бўйича тавсияларини бериб боради. Бу борада семинарда олган билимларимиз келгуси ишларимизни янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.

Мазкур семинарлар давомида тайёрланаётган тренерлар олган билимларини соҳадаги нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларига етказишда бевосита иштирок этишлари режалаштирилмоқда.

Лойиҳа доирасидаги иккинчи семинар Бухоро вилоятида бўлиб ўтади.