Манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилди

Мамлакатимизни модернизация қилиш ва жамиятни демократик янгилаш, адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш борасида юртимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг роли ва аҳамиятини кучайтириш, уларни давлат ва жамият қурилишидаги ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ўз фаолияти давомида қатор ташкилот ва муассасалар, уюшмалар билан ижтимоий шериклик муносабатларини йўлга қўйиб, муайян саъй-ҳаракатларни амалга ошириб келмоқда. Бундай ҳамкорликдаги амалий ишлар жамиятда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Яқинда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.  Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси аграр соҳада фаолият юритаётган хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, ролини ошириш, касбий фаолиятини юксалтириш, билим доираларини кенгаштириш ҳамда барча хотин-қизларнинг манфаатларини ҳимоя қилишни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйган. Миллий ассоциация ҳамда мазкур уюшманинг ўзаро ҳамкорлиги келгусида бу борадаги ишларни янада фаол тарзда амалга оширишда, муштарак мақсадларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади.

Дарҳақиқат, бугунги кунда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида хотин-қизларнинг иштироки, ўрни ва фаоллиги ортиб бораётир. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ўзининг қатор лойиҳа ва дастурлари орқали иштирок этади. Бу йўналишдаги мақсад-вазифалар ҳамкорлик меморандумида қатъий белгилаб олинди.