Малака ошириш: ННТ раҳбарлари интерактив усулларда ўқитилмоқда

Аввал хабар берганимиздек, айни кунларда 50 нафар нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ўз малака ва билимларини оширишмоқда.

Республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган тингловчиларга  72 соатлик махсус ўқув режа асосида дарслар олиб борилади.

Хусусан, 8 ноябрь куни бўлиб ўтган машғулотларда фуқаролик жамияти ва унда ижтимоий шериклик, жамият аҳамиятига молик қарорлар қабул қилишда ННТлар иштироки, меҳнат қонунчилиги, шахсий самарадорликка эришиш ҳамда вақтни бошқариш, қолаверса, тадбиркорлик соҳасига оид қонунчилик бўйича соҳанинг етук мутахассислари ҳамда Давлат бошқаруви академиясининг малакали профессор ўқитувчилари батафсил маълумот беришди.

Дарсларда шунингдек, Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясидаги мақсадлар ва кутилаётган натижалар бўйича ҳам маърузалар тингланди.

Шунингдек, тингловчиларга яратилган шарт-шароитлар, дарсларнинг ўтилиши, ННТ раҳбарларининг иштироки билан танишиш мақсадида ЎзННТМА Кенгаши ҳамда Нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди раҳбарлари тингловчилар билан мулоқот қилиб, уларнинг фикр мулоҳазаларини ўрганишди.

Ўз навбатида, малака ошириш курсида таҳсил олаётган ННТ раҳбарлари ҳам дарсларда берилаётган топшириқлар ва вазифаларни бажариб, интерактив усулларда ўтилаётган машғулотларда фаоли иштирок этишмоқда.