Тошкент шаҳрида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамияти бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курслари якунланишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Таъкидландики, ҳозирги кунда республикамизда жами 9 мингга яқин нодавлат ташкилоти мавжуд бўлиб, уларнинг улуғвор мақсади, шубҳасиз, фуқаролик жамиятини шакллантириш ҳамда аҳолининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.
Шу боис, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида устувор мақсад этиб, фуқаролик жамияти институтларининг эркин фаолият юритиши, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиши учун зарур шароитлар яратиш ҳамда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш белгиланди.
Хусусан, сўнгги 5 йилда нодавлат ташкилотлар фаолиятига қулайликлар яратиш, жамоатчилик назорати таъсирчанлигини кучайтириш, давлат ва жамият бошқарувида фуқаролик жамияти институтларининг ролини оширишга қаратилган 20 дан ортиқ қонунчилик ҳужжати қабул қилинди. Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш ҳамда институционал тизимини такомиллаштириш мақсадида нодавлат ташкилотларга маҳаллий бюджетдан маблағ ажратишнинг ҳуқуқий асослари яратилиб, ҳар бир ҳудудда алоҳида маҳаллий фондлар ташкил этилди.
Қолаверса, нодавлат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларини молиялаштириш учун давлат бюджетидан 400 млрд. сўмга яқин маблағ йўналтирилди.
Мазкур кенг кўламли ислоҳотларнинг бевосита иштирокчиси бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг замонавий билим ва малакага эга бўлишлари муҳим аҳамиятга эга.
Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳамда “2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонида белгиланган устувор вазифалар асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида жорий йилнинг ўзида икки босқичда 50 нафардан 100 нафар ННТлар раҳбарларининг малакаси оширилди.
Иккинчи босқич ўқувларида иштирок этган 50 нафар ННТлар раҳбарларининг ўқуви ўн кун давом этди. Тингловчиларга нодавлат ва нотижорат ташкилотлари фаолиятининг жамиятимизда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни такомиллаштириш, халқаро тажриба бўйича энг замонавий назарий билимлар билан таништириш, давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини самарали ташкил қилиш кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда тингловчиларнинг иш вақтини оқилона тақсимлаш, инсон ресурсларини бошқариш, шахсий самарадорликка эришиш, бошқарув компетенцияларини ривожлантириш бўйича зарурий билимлар берилди.
Шу билан бирга, тингловчилар бевсита амалий жараёнларда ҳам иштирок этишди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Сенати ва пойтахтимизда фаолият юритаётган йирик ННТларга ташриф буюриб, аҳоли фаровонлигига хизмат қилаётган лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳамда фуқаролик жамиятини барпо этишда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишишди.
Тадбирда ушбу ўқувларни муваффақиятли тамомлаган 50 нафар ННТлар раҳбарларига Давлат бошқаруви академиясининг сертификатлари топширилди.
Ўз навбатида, мазкур ўқувларни тамомлаган ННТлар раҳбарлари Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси қошида ташкил этилган “Тренерлар штаби” аъзолигига қабул қилинади.
Келгусида тренерлар ҳудудларда ННТ вакиллари учун ташкил этиладиган семинарларда иштирок этиб, уларнинг иш фаолиятини янада яхшилашда ва ижтимоий лойиҳалар ёзишда яқиндан кўмаклашади.
Шунингдек, тадбир давомида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.