Малака ошириш курсларига танлов давом этмоқда

2022 йил 18 октябрь куни Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ННТ раҳбарлари учун малака ошириш курсини ташкил қилиш масалаларига қаратилган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда ЎзННТМА, Адлия вазирлиги вакиллари, Давлат бошқаруви академияси ўқитувчилари ҳамда ЎзННТМАнинг ҳудудлардаги ходимлари ва  ННТлар раҳбарлари онлайн тарзда иштирок этишди.

Унда жорий йилнинг ноябрь ойида ННТ раҳбарлари учун бўлиб ўтадиган малака ошириш курсига тингловчиларни саралаб олиш бўйича очиқ танловни ташкил этиш ва ўтказиш, ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда тингловчиларга зарурий шарт-шароитларни яратиб бериш масалалари муҳокама марказида бўлди.

Қайд этилдики, мазкур ўқувлар Давлат бошқаруви академияси билан ҳамкорликда давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 4 мартдаги “2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлида “учинчи сектор” учун кадрларни тайёрлаш ва уларни малакасини ошириш мақсадида амалга оширилмоқда.

Ўтган давр мобайнида 100 нафар нодавлат нотижорат ташкилотлар раҳбарларининг ташкилотни самарали бошқариш, молиявий барқарорликка эришиш, давлат идоралари билан ижтимоий шерикликни ривожлантириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш ҳамда ижтимоий менежмент йўналишларида билим ва кўникмалари оширилган бўлса, жорий йилнинг ноябрь ойида яна 50 нафар ННТ раҳбарларини мазкур йўналишларда ўқитиш кўзда тутилмоқда. 2025 йилга қадар жами 750 нафар ННТ раҳбарларини ўқитиш режалаштирилган.

Тингловчиларнинг малака ошириш курси билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан тўлиқ қопланади.

Қайд этилдики, ЎзННТМА томонидан малака ошириш курсларига тингловчиларни саралаб олиш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида Ишчи комиссия тузилади. Комиссия талабгорларни махсус Низомга мувофиқ тарзда саралаб олади.

ЎзННТМА ходимларининг таъкидлашича, шу кунга қадар, Ассоциация томонидан мазкур малака ошириш курслари тўғрисидаги эълонлар оммавий ахборот воситалари ҳамда интернет тармоқлари орқали кенг омма эътиборига ҳавола этилди. Талаб этиладиган ҳужжатлар намунаси билан ЎзННТМАнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали танишишлари мумкин. Аризалар жорий йилнинг 26 октябрь санасига қадар қабул қилинади.

Шунингдек, тадбирда Давлат бошқаруви академияси профессорлари ўқув дастурлари бўйича ҳам маълумот беришди. Хусусан, ННТлар фаолиятига оид халқаро тажриба бўйича энг замонавий назарий билимлар билан таништириш, давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини самарали ташкил қилиш кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда иш вақтини оқилона тақсимлаш, инсон ресурсларини бошқариш, шахсий самарадорликка эришиш бўйича бошқарув компетенцияларини ривожлантириш каби мавзуларда дарслар ташкил этилади режалаштирилган.

Тадбир давомида Давлат бошқаруви академиясида малака ошириш курсларини битирган тингловчиларни “Тренерлар штаби” аъзолигига қабул қилиш ва мазкур штаб фаолияти бўйича ҳам ахборот берилди.

Тадбир якунида бўлиб ўтадиган малака ошириш курсларининг ўқув дастурлари ва ҳаракат режалари тасдиқлаб олинди.

 

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси

Ахборот хизмати