Аввал хабар қилганимиздек, шу кунларда 75 нафар Нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида малака оширмоқда.
72 соатлик дарслардан ташқари тингловчиларни амалий жараёнлар билан таништириш, фаол ННТлар билан тажриба алмашиш масалалари ҳам кўзда тутилган.
Шундан келиб чиқиб, Тошкент шаҳаридаги "ННТлар уйи"га ташриф уюштирилди.
Хусусан, тингловчилар у ерда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг фаолияти , ННТларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган амалий ишлар билан яқиндан танишдилар.
Шунингдек, “2021 — 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони ҳамда “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори ижроси масалалари ҳам ННТлар раҳбарлари иштирокида муҳокама этилди.
Учрашувда Ўзбекистон ногиронлар жамияти, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси, “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси ва Тараққиёт стратегияси” маркази вакиллари бугунги кунда олиб бораётган фаолиятлари тўғрисида батафсил маълумот беришди.
Шундан сўнг, тингловчилар “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси ва янги ташкил этилган Демократик жараёнларни таҳлил қилиш марказига ташриф буюриб, у ердаги иш жараёнлари билан танишишди.
Учрашув якунида ННТлар билан ўзаро ҳамкорлик масалалари ҳам келишиб олинди.