Тойлоқ туманидаги “Боғизоғон” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 1-сон касб-ҳунар мактабининг кириш қисми, спорт залининг болалар кийиниш хоналарининг поли чўкиб кетган, таъмирталаб ҳолатда, ҳаттоки деворда ёриқлар бор. Бу ҳам етмаганидек, девордан ўзбошимчалик билан "зонт" (дымоход) учун катта тешик очилган ва у ҳеч қандай стандартга тўғри келмайди.
Бир сўз билан айтганда, мактаб зилзилага бардош бера олмайди.
Шу ўринда савол туғилади, мактабдаги ўқувчи ва устоз-мураббийларнинг ҳавфсизлигига ким жавоб беради, шу ҳолатга келгунга қадар нега тегишли мутасаддилар хабардор қилинмаган?
Бугун ушбу ҳолатга “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Самарқанд вилоят бўлинмаси, Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватлаш бўйича вилоят Жамоатчилик гуруҳи, вилоят телерадиокомпанияси, Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлинмаси вакиллари эътибор қаратди ва тумандаги бошқа мактаблар ҳам кўздан кечирилди.
Мисол учун, тумандаги “Жумабозор” МФЙда жойлашган 60-умумтаълим мактабининг ҳолати ҳам ҳавас қилгудек эмас.
Унда ҳам деворларда ёриқлар мавжудлиги, деворлар чўканлиги, бино яроқсиз ҳолатда эканлиги аниқланди.
Бундан ташқари, тумандаги “Узунқишлоқ” МФЙда жойлашган 58-умумий ўрта таълим мактаби ҳам ўрганилди. Бу ерда ҳам вазият яхши эмас.
Гуруҳ вакиллари аввалги мактаблардан фарқли ўлароқ бу ерда бинонинг бетон плиталари орасида росмана катта ёриқлар мавжудлигини гувоҳи бўлдишди.
Жамоатчилик вакиллари ўқувчи ва ўқитувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун зудлик билан мазкур объектларни таъмирлаш, қолаверса, эртамиз эгаларининг таълим-тарбия олишлари учун етарли шарт-шароитларни яратиб бериш мақсадида Халқ депутатлари туман ва вилоят Кенгаши сессияларида кўриб чиқиш учун таклиф киритдилар ва амалий чора кўрилиши бўйича қатъий назорат олиб борилишини маълум қилдилар.
Жамоатчилик вакиллари вилоятнинг бошқа туманларидаги таълим масканларининг зилзилага бардошлилик ҳолатини ўрганиш бўйича келишиб олдилар.