Ўзбекистон ННТларни қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди раҳбари С.Халилов ва ЎзННТМА бўлим бошлиғи С.Мамановлар Наманган вилоятига ташриф буюриб, худудлардаги мавжуд ижтимоий муаммоларни таҳлил қилган ҳолда янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича нодавлат нотижорат ташкилотлар раҳбарлари билан учрашиб, манзилли ўрганиш ишларини олиб бордилар.
Хусусан, Наманган вилоят хотин-қизлар тадбиркорлик маркази раҳбари Н.Ибрагимова Давлатобод туманидаги “Гулобод” МФЙ ҳудудида яшовчи оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати юзасидан олиб борган ўрганишлари натижаси ва ўз таҳлиллари билан ўртоқлашди.
Таъкидлашича, маҳаллада хотин-қизларнинг аксарияти уй бекалари, бирор бир касб-ҳунарга эга эмас ва ҳеч қаерда ишламайди, бунинг оқибатида оилаларда ўзаро келишмовчиликлар юзага келиб, нотинч оилалар сони ортиб бормоқда. Маҳалла хотин-қизларини қисқа ўқув курсларига жалб этиш, касб-ҳунарга ўргатиш орқали оилавий нотинчликлар, ажримлар, жиноятчиликларни олдини олиш мумкин.
Муаммони ижобий хал этиш юзасидан МФЙ раиси ва хотин-қизлар фаоли билан маслахатлашув ўтказилиб, амалга ошириладиган лойиҳага таклифлар олинди.
Шунингдек, ННТларни қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди ва ЎзННТМА вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ўқув курсларида малака оширган вилоятдаги ННТ вакиллари билан учрашди.
Мулоқотда Давлат бошқаруви академиясида малака оширишган ННТлар олган билим ва кўникмалари иш фаолиятида алоҳида ўрин тутаётганлигини эътироф этдилар.
Учрашувда иштирокчилар вилоятдаги ижтимоий муаммолар, аҳоли саломатлиги, сув таъминоти, бандлик, оилалардаги зўравонлик ва тазийқни олдини олиш каби бир қатор муҳим масалалар юзасидан фикр ва мулоҳазалар ҳамда муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифларини билдириб ўтдилар.
Шунингдек, ННТлар фаолиятини янада ривожлантириш юзасидан иштирокчиларга тавсиялар берилди.
Ўрганишлар давомида ННТлар фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 192-сон қарорида белгиланган “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари”да ахборот-ресурс марказларини ташкил этиш бўйича вазифани амалда бажарилишини таъминлаш мақсадида Наманган шаҳаридаги “ННТлар уйи”даги мавжуд хоналар холати ҳам ўрганилди.
Жорий йил якунига қадар Наманган вилояти “ННТлар уйида” ахборот-ресурс маркази ташкил этилиши режалаштирилди. Бу ўз навбатида ННТларга хисоботларни электрон топшириш, хужжатларни тайёрлаш, ахборот олиш ва бошқа ташкилий ишларини амалга оширишда техник кўмак бўлиш билан бирга фаолиятларига ижобий амалий ёрдам бўлади.