Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциация Сурхондарё ҳудудий бўлинмаси томонидан “Ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни ёзиш талаблари ва шартлари” мавзусида семинар - тренинг ташкил этилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ давлат субсидиялари, грантлари ва ижтимоий буюртмлари ажратилиши, грант ариза шаклларини тўғри тўлдириш, шунингдек, айни пайтларда Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, ҳамда халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши қошидаги жамоат фонди томонидан эълон қилинган грант танловлари билан таништириш мақсадида ташкил этилди.
Семинарда турли ижтимоий гуруҳлар эҳтиёжларини қондириш, манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ижтимоий лойиҳаларини амалга ошириш, грант олиш учун лойиҳа-буюртманомасининг таркибий қисмлари хусусида батафсил маълумотлар бериб ўтилди. Жумладан, иштирокчилар муаммониниг таърифи, келиб чиқиш сабаблари, лойиҳанинг асосий мақсади ва умумий стратегияси, лойиҳа вазифалари, фаолият йўналишлари ва ишчи режаси, лойиҳа бюджетини тўғри тузиш хусусида мисоллар орқали тушунчалар бериб ўтилди.
Бундан ташқари лойиҳани тайёрлашда лойиҳанинг ҳаёт цикли, муаммо ва эҳтиёжларни аниқлаш, лойиҳанинг мақсад ва вазифалари бўйича ҳам маълумотларга эга бўлишди. Ҳар бир берилган назарий маълумотлар иштирокчиларга яна ҳам тушунарли бўлиши учун маърузачи томонидан амалий мисоллар орқали муфассал тушунтириб ўтилди.
Умумий қилиб айтилганда, маърузачилар томонидан ННТ вакиллари томонидан кўтарилган ҳар қандай грант лойиҳаси доирасидаги муаммо ижтимоий жиҳатдан аҳамиятли бўлиши ва у жамиятимиздаги оғриқли бўлиб турган масалани оз бўлсада бартараф этишга хизмат қилиши мумкинлигини тушуниб етишлари лозимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, тадбир давомида Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан эълон қилинган бешинчи, ҳамда Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳузуридаги жамоат фонди томонидан эълон қилинган 5-6 грант танловлари ҳақида ҳам батафсил тўхталиб ўтилиб, иштирокчиларни мазкур танловларда фаол иштирок этишга чақирилди.
Нафиса ТУРДИҚУЛОВА,
ЎзННТМА Сурхондарё вилоят
ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси.