“Мадад” фуқаролар бандлигини таъминлашга кўмаклашмоқда

2021 йили “Мадад” муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан эълон қилинган грант танловида ғолиб бўлган эди. Бугун мазкур давлат гранти ижросининг якуний муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда Адлия вазирлиги, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Тошкент вилояти туман секторлари, фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари, ЎзННТМА ҳамда ННТ вакиллари иштирок этишди.

Таъкидландики, муассаса томонидан грант лойиҳаси доирасида Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳри ҳамда Пискент туманидаги 3 та секторларда аҳоли билан учрашувлар ташкил этилиб, ишсиз ёшлар, аёллар ва бошқа фуқароларга, уларнинг қизиқишига қараб, “Оилавий тадбиркор”, “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури ва бошқа давлат дастурлари асосида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш масалалари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Шунингдек, секторлар билан ҳамкорликда 100 га яқин фуқароларга ушбу дастурлар асосида касаначилик, ҳунармандчилик ва чорвачилик йўналишлари бўйича тижорат банкларидан кредит маблағларини олиш, тдбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитиш тартиб-таомиллари юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилиб, касб-ҳунарга ўқитиш билан боғлиқ маълумотлар акс эттирилган 800 дан ортиқ ҳуқуқий материаллар чоп этиб, тарқатилди.

Шу билан бирга, 30 нафарга яқин фуқаролар тадбирколик ва касб-ҳунарга ўқитилди, 20 нафарга яқин фуқароларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун тижорат банкларидан имтиёзли кредитлар ажратилди ва 25 нафарга яқин ишсиз фуқарларнинг бандлигини таъминлашга эришилди.

Секторлар ва маҳаллар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва аҳолининг ҳуқуқий саводхонлик даражасини ошириш мақсадида, Тошкент вилоятидаги 3 та секторларнинг 20 га яқин маҳаллаларида “Мадад” – Бурчаги” ташкил этилди.

Тадбир якунида секторлар ҳудудида яшовчи фуқароларнинг ҳуқуқий муаммоларини ўрганиш, айниқса, ишсиз ёшлар ва аёлларни тадбиркорликка ва касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш масалаларини жойларда давлат органлари ва надавлат нотижорат ташкилотлари билан самарали ҳамкорликда ҳал ҳал қилишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.