Янгиланаётган Конституцияда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслиги белгилаб қўйилмоқда. Конституциямизда мазкур кафолатнинг белгиланиши маҳаллаларга ўз ҳудудини мустақил бошқариш, аҳоли манфаатларидан келиб чиқиб давлат билан шериклик асосида муаммоларни ҳал этиб бориш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, самарали жамоатчилик назоратини амалга ошириш, аҳоли фаровонлигини таъминлашга муҳим имкониятларни тақдим этади.
Шундан келиб чиқиб, Бухоро шаҳридаги маҳалла фаоллари ва раислари иштирокида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунининг лойиҳаси ва референдумга оид тарғибот тадбири ташкил этилди.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар академияси кафедра бошлиғи, юридик фанлари доктори, профессор О.Матчонов, Инсон ҳуқуқи маданияти маркази директори И.Умаров, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси бошлиғи Ж.Болтаевлар ўз маърузалари билан иштирок этишди.
Маърузачилар ўз чиқишларида янги таҳрирдаги Конституциянинг бу матни олим-у мутахассислар томонидан фақат кабинетларда яратилмагани, балки, даставвал икки босқичда халқимизнинг фикри, таклифлари ўрганилди, шундан сўнггина Конституция лойиҳаси тайёрланганлиги таъкидлашди.
Биринчи босқичда Конституция лойиҳасини шакллантириш учун фуқароларимиз 60 мингдан зиёд таклиф беришди. Уларнинг тахминан ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олди, иккинчи босқичда Конституция лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Оммавий ахборот воситалари, Интернет тармоқлари орқали лойиҳа билан 5 миллион аҳоли танишиб, 150 мингдан ортиқ таклиф ва мулоҳазалар айтилди.
Шу билан бирга, меҳнат жамоалари, олийгоҳлар, маҳалла фаоллари ва зиёлилар билан бўлиб ўтган муҳокамаларда ҳам яна қарийб 10 мингта қўшимча таклиф келиб тушди. Айни пайтда халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ва 190 дан ортиқ давлатлар тажрибаси ўрганилди, лойиҳа 6 турдаги экспертизадан ўтказилди.
Конституция лойиҳасидаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошди. Яъни, Асосий қонунимиз матни қарийб 65 фоизга ортди ва халқимиз таклифлари асосида янгиланди.
Шунингдек, маърузачилар Янги таҳрирдаги Конституциянинг фуқаролар учун энг аҳамиятли 53 та қоидалари бўйича атрофлича тушунчалар беришди.
ЎзННТМА Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси