Маҳаллалар янада фаол ва ҳамжиҳат бўлсин!

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси (ЎзННТМА)нинг Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси “Жамият ислоҳотлар ташаббускори: жамоат бирлашмалари ижтимоий ва маданий мақсадларга эришиш йўлида” мавзусида давра суҳбати ўтказди.

Тадбирда Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган жамоат бирлашмалари вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатининг асосий мақсади жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида демократик ўзгаришларни амалга оширишда жамоат бирлашмаларининг фаоллигини оширишдан иборат бўлди.

Тадбирда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси бошлиғи Дилмурод Иззатов жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида демократик ўзгаришларни амалга оширишда жамоат бирлашмаларининг фаоллигини ошириш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб эканини таъкидлади.

“Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Тошкент шаҳар бўлими бошлиғи Соқижон Каримов аҳоли муаммолари билан ишлашда, уларни тезкор аниқлаш ва бартараф этишда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ўрнини алоҳида қайд этди. Бу борада “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаларининг вазифалари юзасидан батафсил фикр билдирилди.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги фонд, ЎзННТМА ҳузуридаги фонд ҳамда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши ҳузуридаги фонд фаолияти, улар томонидан эълон қилинаётган танловлар, танловларда ғолиблик ҳамда грант маблағларидан фойдаланиш масалалари бўйича ҳам батафсил тушунтириш берилди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳуқуқий саводхонлик, ёшлар тарбияси, атроф-муҳитни асраш, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга оид бир қатор лойиҳаларни амалга оширишда фаол ҳисса қўшмоқда.

Тадбирда, шунингдек, “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг туман бўлинмалари раҳбарлари ва ҳисобчилари иштирокида кун тартибидаги ҳамда маҳаллалар фаолиятига алоқадор масалалар юзасидан савол-жавоблар бўлиб ўтди.

Тадбир якунида ЎзННТМАга аъзо бўлган “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг туман бўлинмаларига аъзолик гувоҳномалари тантанали равишда топширилди.



Н.УСМОНОВА, ЎзА