Лондонда Янги Ўзбекистон тараққиёти учун янги имкониятлар ва ижтимоий шериклик масалаларига бағишланган халқаро форум бўлиб ўтади

Жорий йилнинг 25 январь куни Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Лондондаги бош қароргоҳида (ЕТТБ) “Янги Ўзбекистон:тараққиёт учун янги имкониятлар ва ижтимоий шериклик” мавзуида халқаро форум бўлиб ўтади.

Форум ЕТТБ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Ўзбекистон Республикаси Гендер тенглиги бўйича комиссияси ва “Сабр” ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази ҳамкорлигида ташкил этилаётган бўлиб, унда 100 дан ортиқ юқори даражадаги иштирокчилар, жумладан, Ўзбекистон Республикасидаги бир қатор вазирликларнинг масъул ходимлари, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий асcоциацияси раҳбарияти, ННТ ва бизнес ҳамжамияти вакиллари иштирок этади.

Бугун Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Лондондаги бош қароргоҳида форум олдидан иштирокчилар билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистондаги янги имкониятлар ва ижтимоий шериклик масалалари, ўзаро ҳамкорликни аёллар тадбиркорлиги ва уларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, замонавий рақамлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш, дунёдаги мавжуд рақамли тенденциялар ҳамда аёллар раҳбарлик қиладиган бизнес фаолият турларини, хусусан, туризм соҳасини рақамлаштириш масалалари бўйича ўзаро маълумотлар алмашилди.