Қўқонда “Биз табиатни севамиз” мавзуида форум бўлиб ўтди

Қўқон шаҳрида “Биз табиатни севамиз” мавзусида ЎзННТМА Фарғона вилоят ҳудудий бўлинмаси, вилоят Жамоат Фонди, “Саломатлик плюс экология” маркази билан ҳамкорликда форум ташкил этилди. Унда USAIDнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистон экофоруми вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фермер ва томорқа ер эгалари иштирок этишди.

Форумнинг биринчи қисмида “Саломатлик плюс экология” маркази раҳбари Х.Назарованинг экология, атроф-муҳит тозалиги ҳамда табиат мухофазаси бўйича вилоятда олиб борилаётган ишлар ва долзарб муаммолар тўғрисидаги маърузаси тингланди. Шундан сўнг, “Экологик тоза Фарғона учун” ассоциацияси раҳбари И.Домуладжонов “Иқлим ўзгариши Ўзбекистон ва Марказий Осиёда қишлоқ ҳўжалиги, сув ресурслари ва энергия таъминотига таъсири” мавзусида маъруза қилди.

Шунингдек, иштирокчилар “Маҳаллий жамоалар томонидан эҳтиёжларни аниқлаш” мавзусида гуруҳларга бўлинган ҳолда экологик муаммолар ва уларнинг ечими бўйича ўзаро фикр алмашилиб, келгусида ҳудудларда муаммоларни бартараф қилиш юзасидан ўз тақдимотларини ишлаб чиқишди.

ЎзННТМА Фарғона вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Д.Фозилов “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида эълон қилинган “долзарб 40 кунлик”да барча фуқаролар юртимизда экологик мусаффоликни таъминлашда, дарахтларни кўпайиши учун ўз хиссаларини қўшишда жонбозлик кўрсатиш зарурлиги таъкидлади.

Форумнинг иккинчи қисмида Қўқон шаҳридаги 33-умумтаълим мактабига Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан тақдим этилган манзарали кўчатлар экилди.  Қолаверса, “Саломатлик плюс экология” маркази томонидан мактаб ҳудудида ташкил этилган “Годжи” (тибет қизил барбариси) ўсимлиги боғига ташриф буюрилди.  Унда Х.Назарова ушбу ўсимликнинг фойдали ҳусусиятлари ва уни хонадонларда етиштириш бўйича фойдали маълумотлар билан бўлишди.

Форум давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан эълон қилинган грантларда Фарғона вилоятидан ғолиб бўлган нодавлат нотижорат ташкилотларга ғолиблик сертификатлар топширилди.

ЎзННТМА Фарғона вилояти ҳудудий бўлинмаси