Краудфандинг - давлат бюджети харажатларини тежашга ёрдам беради

Хоразм вилоятидаги “Интербилим” аёллар ва болаларни қўллаб-қувватлаш маркази томонидан “Хоразм вилояти нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий лойихалари акселератори” номли грант лойиҳаси доирасида “Ташкилотда фандрайзинг” мавзусида тренинг ўтказилди. Тадбирда вилоятда фаолият юритаётган 25 нафар ННТлар вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларни қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди молиявий кўмагида амалга оширилган тренингда ҳозирги кунда яратилаётган инновацион лойиҳалар, ишланмаларни молиялаштиришда халқаро миқёсда кенг тарқалган краудфандинг платформаси ҳақида батафсил маълумот берилиб, унинг хорижий мамлакатлардаги аҳамияти ва Ўзбекистон шароитида молиялаштирилувчи самарали механизм сифатидаги афзалликлари тўғрисида айтиб ўтилди.

Краудфандинг платформасининг фаолияти ва афзалликларини миллий иқтисодий тизимнинг бир бўлаги сифатида эътироф этиш долзарб масалалардан бирига айланмоқда. Бу платформа давлат бюджети харажатларини босқичма-босқич тежаш, турли хил лойиҳа ва ишланмаларнинг ўзини-ўзи молиялаштиришга имконият яратувчи асосий дастаклардан бири ҳисобланиши тўғрисида сўз юритилди.

ЎзННТМА Хоразм вилояти ҳудудий бўлинмаси