Коррупцияга қарши курашишда давлат органлари ва нодавлат ташкилотларининг ҳамкорлик масалалари бўйича халқаро веб-конференция

Жорий йилнинг 29 май куни Бош прокуратура Академияси томонидан “Коррупцияга қарши курашишда давлат органлари ва нодавлат ташкилотларининг ҳамкорлик масалалари” мавзусидаги халқаро веб-конференция ташкил этилди.

Тадбир Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси шафелигида ва БМТ Тараққиёт дастурининг техник кўмагида ўтказилди.

Унда коррупцияга қарши курашиш соҳасида етакчи нодавлат ташкилоти бўлган – Transparency International халқаро ташкилотининг Қозоғистон, Латвия, Россия ва Словениядаги миллий бўлинмалари экспертлари маърузачи сифатида иштирок этишди.

Миллий иштирокчилар сифатида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, “Тараққиёт стратегияси” маркази, ЎзННТМА ва бошқа миллий нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, шунингдек Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази ва бошқа давлат органлари вакиллари қатнашишди.

Хорижий экспертлар иштирокчиларни коррупцияга қарши курашишдаги фаолияти бўйича ўз тажрибаси ҳақида, ушбу соҳадаги муаммолар ва ечимлар, амалга оширилаётган лойиҳалар ва чора-тадбирлар ҳақида хабардор қилишди.

Давлат харидлари соҳасида, давлат хизматчилари томонидан касбий одоб-ахлоқ стандартларига риоя этишда   жамоат назоратини амалга ошириш, уларнинг даромадлари ҳақидаги декларацияларни текшириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш ҳамда фуқаролик секторининг ҳалолликни ва коррупцияга қарши муросасизликни олға суришдаги иштироки билан боғлиқ каби кўплаб бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Миллий ННТ вакиллари бу каби тадбирлар майдонларининг муҳимлигини қайд этиб, келгусидаги ҳамкорлик бўйича ўзларининг таклифларини ифода қилишди.