Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ноҳукумат ташкилоти билан ҳамкорликда жорий йилнинг 23-24 февраль кунлари “Коррупцияга қарши курашишда вазирлик ва идоралар ҳузуридаги жамоатчилик кенгашларининг ролини ошириш” мавзусидаги семинар-тренинг ташкил этилди.
Тадбирда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда вазирлик ва идоралар ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши аъзолари, халқаро экспертлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Семинар-тренингнинг мақсади – жамоатчилик кенгашларининг фаоллигини ошириш, уларни ўз вазирлик ва идораларидаги коррупцияга қарши курашиш сиёсатини ишлаб чиқишда ҳамда мониторингини амалга оширишда иштирокини кучайтириш, ташкилот фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВ билан коррупцияга қарши курашиш соҳасида самарали ҳамкорлигини таъминлаш учун давлат органини фуқаролар билан боғлаб турадиган “кўприк” ролини бажариши бўйича таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат.
Тадбирнинг кириш қисмида таъкидланганидек, мамлакатимиздаги ислоҳотларда жамоатчилик назорати ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Стратегик ҳужжатлар ва давлат дастурларида жамоатчилик мониторинги механизмлари белгиланмоқда.
Давлат идоралари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари институти жамоатчилик мониторингини ташкил этиш ҳамда ташкилотни фуқаролик жамияти институти вакиллари билан боғлашда дастлабки ва ғоят муҳим тузилма ҳисобланади. Жамоатчилик кенгашлари фаолияти давлат органининг қанчалик очиқ ва ошкора эканлигини намоён этади.
Тренинг машғулотларининг дастлабки куни давлат органлари ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашларининг ҳуқуқий асослари ва амалиёти, жамоатчилик мониторингини ташкил этиш механизмлари ва босқичлари, бу борадаги хорижий мамлакатлар тажрибаси билан танишилди.
Шунингдек, маърузачилар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш методологияси бўйича маълумот берилди.
Иштирокчилар семинар давомида жамоаларга бўлинган ҳолда интерактив шаклдаги амалий машғулотларда ҳам қатнашишди. Хусусан, турли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишди ва ундаги коррупциявий хавф-хатар ҳамда омилларни аниқлашди.
Бундан ташқари Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий стратегия ҳамда коррупция ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилишга оид қонун лойиҳаларини муҳокама қилишди ва уларни такомиллаштириш юзасидан ўз таклифларини беришди.
Семинарнинг иккинчи кунида давлат органларининг маълумотларни очиқланишини ҳамда давлат харидлари жараёнларини мониторинг қилишда жамоатчилик кенгаши аъзоларининг иштироки тўғрисида фикр алмашилди.
Шунингдек, иштирокчилар ўзлари кенгаш аъзоси бўлган вазирлик ва идораларнинг шаффофлиги ҳамда давлат харидларига оид маълумотларни очиқ манбалар орқали таҳлил қилишди.
Бундан ташқари иштирокчилар халқаро эксперт томонидан жамоатчилик кенгашларининг давлат органлари фаолиятидаги иштироки, коррупцияни олдини олиш, шаффофлигини таъминлашдаги иштирокида хорижий мамлакатлар тажрибаси ҳақида маълумотлар берилди. Иштирокчилар бу борада ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Семинар давомида коррупцияга қарши курашишда Агентлик ҳамда вазирлик ва идоралар ҳузуридаги жамоатчилик кенгашларининг ўзаро ҳамкорлиги, келгуси режалари, биргаликда амалга ошириладиган лойиҳалар келишиб олинди.