Тадбир Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Қорақалпоғистон ҳудудий бўлинмаси ҳамда “Мадад” ННТ ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Қорақалпоғистон Республикасида фаолият олиб бораётган ўндан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари ўз мурожаатлари билан иштирок этди.
Мисол учун, Ўзбекистон Карлар жамиятининг Қорақалпоғистон бўлими бошлиғи М.Бекназарова Ўзбекистон Карлар жамиятининг Қорақалпоғистон бўлимига аъзоси бўлган фуқаролари суд ишларида жабрланувчи сифатида иштирок этганда бепул адвокат билан таъминланиш масаласида мурожаат қилди.
Унга “Мадад” ННТ вакиллари қонунчиликда белгилаб қўйилган фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, янги таҳрирдаги Конституцияга инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида киритилган нормалар бўйича батафсил тушунтириш берди.
Келиб тушган ўндан ортиқ мурожаатларга малакали юристлар томонидан тегишли консультатив хизматлар кўрсатилди.
Тадбир якунида Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош тумани ва Нукус шаҳар бўлинмаларига ЎзННТМА Қорақалпоғистон ҳудудий бўлинмасига аъзолик гувоҳномалари топширди.