Конституциявий ислоҳот давлат ва жамият бошқаруви тизимидаги ёндашувни ва фаолият тамойилларини тубдан ўзгартиришга, Янги Ўзбекистонда ўзаро муносабатларнинг асоси сифатида “давлат-жамият-инсон” тамойили ўрнига “инсон-жамият-давлат” ғоясини асос қилиб қўйишга қаратилган.
Янги таҳрирдаги Конституцияда аҳолининг барча қатламлари манфаатлари акс эттирилганлигини инобатга олиб, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси ишонч билан “Бу менинг Конституциям” деб айта олади дейиш учун барча асослар мавжуд.
Мамалкатмизда қизғин кечаётган сиёсий жараёнларда аҳолимизга янгиланаётган Конституция чинакамига халқ Конституцияси эканлиги, унинг муаллифи она халқимиз эканлигини тарғиб қилиш, ундаги ҳаётий янгиликлардан бохабар қилиш мақсадида ЎзННТМА вакиллари Қорақалпоғистон Республикасининг Қонликўл тумани аҳолиси билан учрашишди.
“Менинг Конституциям!” шиори остида ўтган учрашувда маҳалла, овул фаоллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, устоз-мураббийлар ва ёшлар иштирок этишди.
Учрашувда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси раиси К.Ишанходжаев бош Қомусимизга киритилаётган янги моддалар, хусусан, фуқаролик жамияти институтларига оид янги бўлим тўғрисида батафсил тўхталиб ўтди.
Шунингдек, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининиг малака ошириш институти ўқитувчиси Ж.Айтмуратов эса, инсон ҳуқуқларни таъминлаш соҳасидаги ўзгаришлар бўйича маълумот берди.
Жумладан, инсоннинг давлат органлари билан муносабатларида қонунчиликда юзага келадиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши лозимлиги назарда тутилмоқда. Масалан, Солиқ кодексининг ўзида муайян бир масала юзасидан турлича норма белгиланган бўлиши ёки тадбиркорликка оид битта қонунда бошқа норма, иккинчи қонунда бошқача норма белгиланган бўлиши мумкин. Бундай номувофиқликни, табиийки, солиқ органи давлат фойдасига, фуқаро эса ўз фойдасига талқин қилинишини хоҳлайди. Конституцияга киритилаётган норма эса, ана шундай номувофиқликлар давлат эмас, инсон фойдасига ҳал этилишига хизмат қилади.
Савол-жавоблар билан қизғин кечган учрашув якунида иштирокчилар жорий йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтадиган умумхалқ референдумида фаол иштирок этишга чақирилди.