Конституциявий ислоҳотларда жамоатчилик иштироки: миллий ва халқаро тажриба

2022 йилнинг 29 сентябрь куни Пойтахтимизнинг Hilton меҳмонхонасида “Конституциявий ислоҳотларда жамоатчилик иштироки: миллий ва халқаро тажриба” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. 

Мазкур халқаро анжуман Конституциявий комиссиянинг иш режасига асосан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва Барқарор ривожланиш маркази томонидан офлайн ва онлайн форматда ташкил этилди. 

Анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат идоралари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, академик ҳамжамият, хорижий ва халқаро экспертлар иштирок этдилар.

Тадбирнинг мақсади – “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича бўлиб ўтган умумхалқ ва халқаро муҳокамасининг дастлабки натижалари, унда кенг жамоатчиликнинг фаол иштироки, “Халқ – қонунларнинг ягона манбаи ва муаллифидир” ҳамда “Барча муҳим қарорлар бевосита халқ билан мулоқот асосида ва жамоатчилик фикрини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади”, деган тамойилларни ҳаётга татбиқ этилиши борасида фикр алмашишдан иборат бўлди.

Форум иштирокчилари томонидан Конституциявий комиссия ўз фаолиятини очиқлик ва ошкоралик тамойилларига таяниб, ўз фаолиятига илмий-тадқиқот муассасалари, тегишли давлат ва нодавлат нотижорат ташкилолар, маҳаллалар, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари, соҳа экспертларини кенг жалб этган ҳамда жаҳон давлатлари конституциявий тажрибасини чуқур ва ҳар томонлама ўрганишга асосланган ҳолда ташкиллаштирганлиги алоҳида қайд этилди.

Тадбир давомида Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли конституциявий  ислоҳотларнинг асл мақсади – халқ иродаси, орзу-умидларини рўёбга чиқариш, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва пировардида, инсон қадрини улуғлаш, унинг оғирини енгил қилиш, ҳаётини яхшилаш, ижтимоий адолат тамойилини ҳаётга татбиқ этиш эканлигига алоҳида тўхталиб ўтилди. 

Янгиланаётган Конституциямизнинг асосий муаллифи ва ижодкори том маънода Ўзбекистон халқи, унинг илҳомлантирувчиси шахсан Давлатимиз раҳбари эканлиги алоҳида эътироф этилди. Ушбу хулоса, жумладан, қуйидагиларга асосланади:

• конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш ғояси ва унинг давлат ва жамият ривожидаги аҳамияти илк маротаба Президент ёки бошқа қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан эмас, балки айнан аҳоли ва сайловчилар томонидан таклиф этилган ва асослантирилган;

• конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш ишларига бевосита халқ томонидан сайланган Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлари бошчилик қилмоқдалар. Парламент томонидан шакллантирилган Конституциявий комиссия таркибига, шунингдек, академик ҳамжамият, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари ҳам киритилган;

• Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича ўтказилган умумхалқ муҳокамасида колл-марказ, фуқароларнинг бевосита қабули орқали, “Meningkonstitutsiyam.uz” платформаси, анъанавий мурожаатлари ҳамда жамоалар томонидан жами 150 мингдан зиёд таклифлар келиб тушди. Бу 1992 йилдаги умумхалқ муҳокамасига қараганда 25 баробардан юқоридир. Ушбу таклифларнинг 56 фоизи эркаклар, 40 фоизи аёллар томонидан, 4 фоизи – аноним тарзда билдирилган. Унда хориждаги ватандошлар томонидан юборилган таклифлар ҳам инобатга олинган ва илмий ҳамжамият иштирокида атрофлича муҳокама қилиниб, Конституциявий комиссияга тақдим этилган.

Тадбир иштирокчиларининг таъкидлашича, жойлардаги учрашувларда фуқаролар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар, ташаббус ва таклифлар таҳлили ҳам халқимизнинг Янги Ўзбекистондаги ўзгаришларга бефарқ эмаслиги, балки ислоҳотларнинг, ҳусусан конституциявий ислоҳотларнинг фаол ва манфаатдор иштирокчисига айланаётганини кўрсатмоқда. Зеро, янгилинаётган Конституция – халқимизнинг орзусидаги ижтимоий ва адолатли Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс асосини яратишнинг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади. 

Табирда кейинги даврда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, ҳуқуқшунос олимлар, академик ҳамжамият, “ақл марказлари” мазкур жараёнда фаол иштирок этаётганига урғу берилди. Ушбу институтлар Конституциявий комиссия фаолиятига ҳам яқиндан кўмак кўрсатдилар, ҳусусан:

• БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ, ЕИ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида қабул қилинган 400дан ортиқ бутундунё ва минтақавий конвенциялар, декларациялар, резолюциялар ҳамда конституциявий ривожланиш борасидаги халқаро тажриба ўрганиб чиқилди, 195дан зиёд мамлакатлар конституциялари, конституциявий ислоҳотлари тизимли равишда таҳлил этилди;

• халқаро ва хорижий тажрибани чуқур таҳлил этиш ва ўрганишлар асосида “Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар конституциялари”, “Жаҳон конституциялари”, “Конституциявий ислоҳотлар: дунё мамлакатлари тажрибаси” (5 жилдлиги) каби 10дан зиёд фундаментал асарлар яратилгани ҳамда улар асосида Конституциявий қонун лойиҳаси ва ислоҳотларга оид фикр мулоҳазалар, таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқилди;

• давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлар, академиик ҳамжамият, халқаро ва хорижий нохукумат ташкилотлар билан ҳамкорликда конституциявий ислоҳот ҳамда Конституциявий қонун лойиҳасининг турли жабҳалари ва новеллаларига бағишланган 100 дан ортиқ миллий ва 40 дан зиёд халқаро форумлар, жумладан хорижий мамлакатларда ҳам (АҚШ, Буюк Британия, Корея, Польша, Россия, Саудия Арабистони, Швейцария, Япония, Ҳиндистон каби давлатлар) ўтказилган. Унда, хусусан, БМТнинг Нью-Йорк шаҳридаги қароргоҳида Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларга бағишланган халқаро давра суҳбатида 40 дан ортиқ аъзо давлатларнинг Осиё, Европа, Шимолий ва Жанубий Америка, Африка минтақаларидаги миссияларининг доимий вакиллари ва экспертлари, шунингдек, БМТнинг турли тузилмаларининг масъул ходимлари иштирок этди. 

Шу билан бирга халақаро анжуман мобайнида Мустақил Ўзбекистон тарихида илк маротаба Конституциявий қонун лойиҳаси жамоатчилик, гендер, бола ҳуқуқлари, инсон ҳуқуқлари, аксилкоррупция, лингвистик ва бошқа экспертизалардан ўтказилганлиги ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасининг Конституциявий қонун лойиҳасига расмий изоҳи ва таклифлари олинганлиги таъкидланди.

Конституциявий қонун лойиҳасини аҳолига кенг таништириш, оммавий ахборот воситалари, Интернет ва ижтимоий тармоқларда ҳар бир моддани кенг жамоат муҳокамасини ташкиллаштириш, фуқаролар фикрини ўрганиш, бу борада аҳоли турли қатламлари ва Конституциявий комиссия ўртасида мустаҳкам алоқаларни таъминлашда журналистлар ва блогерларнинг фаолияти ўта саломқли ва аҳамиятли бўлганлиги алоҳида эътироф этилди. 

Халқаро тадбир мобайнида тингланган маърузаларда, фуқаролик жамияти институтлари ва аҳоли томонидан конституциявий ислоҳотларнинг:

• “инсон шаъни ва қадрини” улуғлаш, аввал амал қилган “давлат – жамият – инсон” парадигмасини янги “инсон – жамият – давлат” парадигмасига ўзгартириб, конституциявий қонунчилик ва конституциявий амалиётда мустаҳкамлаш;

• халқчил давлатни бунёд этишнинг энг муҳим шарти сифатида иқтисодий ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатларини таъминлаш;

• фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини, “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” тамойилини конституциявий мустаҳкамлаш;

• давлат ва жамият миллий қадриятлари ва ўзига хос хусусиятларини сақлаб қолишини ҳимоя қилиш, Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини келгуси авлодларга безавол етказиш;

• Конституцияда янги Ўзбекистон бунёдкорлари — ёшларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини, уларнинг ҳуқуқи, манфаатлари ва мажбуриятларини акс эттириш;

• Ўзбекистон ижтимоий давлат ва одил фуқаролик жамиятини қуриш сари илдам бораётганини ҳисобга олган ҳолда “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойилини конституциявий норма сифатида мустаҳкамлаш каби йўналишларида билдирган таклифлари ва тавсияларининг ижроси борасида атрофлича маълумотлар берилди.

Тадбир сўнгида халқаро конференция иштирокчилари томонидан якуний ҳужжат қабул қилинишига келишиб олинди.