Бугун Тошкентда “Конституциявий ислоҳотлар: Ўзбекистон ва Покистон тажрибаси” мавзусига бағишланган Ўзбекистон-Покистон давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Барқарор ривожланиш маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Давра суҳбатининг мақсади – Ўзбекистон ва Покистонда конституциявий ривожланиш ва конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш тажрибасини қиёсий таҳлил қилиш, жумладан жамият ва давлат ҳаётида оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш каби масалалар бўйича тажрибалар алмашиш.
Тадбир оф-лайн ва он-лайн шаклида ташкил этилган бўлиб, унда Покистон парламенти аъзолари, экспертлари ҳамда Ўзбекистон ННТ вакиллари ва ҳуқуқшунос олимлари иштирок иштирок этди.
Давра суҳбатида иштирок этган Покистон газеталари бош муҳаррирлари кенгаши вице-президенти Тоҳир Фаррух “Покистонда конституциявий ислоҳотлар: асосий тенденциялар ва ривожланиш истиқболлари” маърузаси билан иштирок этиб жумладан қўйидагиларни маълум қилди: “Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларга бағишланган ушбу Ўзбекистон-Покистон онлайн давра суҳбатида иштирок этишдан бағоят мамнунман. Юртингизга кўп маротаба ташриф буюриш, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги жадал тараққиёт натижаларини кўриш шарафига муяссар бўлганимдан бахтиёрман. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ташаббус ва ислоҳотлар Ўзбекистоннинг обод, барқарор мамлакат сифатида тараққий эттиришда ўз самарасини бермоқда.
Сўнгги 50 йил ичида Покистоннинг 1973 йилги Конституциясига 23 марта ўзгартиришлар киритилди. Бунинг ажабланарли жойи йўқ, чунки ҳар қандай давлатнинг конституцияси динамик ҳужжатдир ва ўзгарувчан талабларга жавобан тузатишлар киритилади. Бошқа давлатларга назар ташлайдиган бўлсак, Покистон билан бир вақтда мустақилликка эришган Ҳиндистон ўз конституциясига 105 марта ўзгартиришлар киритган”.
Тадбир мобайнинда миллий ва хорижий маърузачилар аҳолининг сайлов маданиятини юксалтириш ва конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтиришнинг ўзига хос аҳамияти бўйича фикр алмашдилар.
Дарҳақиқат, бугунги кунда Конституциямиз ва қонунларимиз талабига кўра сўз, ахборот, эътиқод, фикр ва ғоялар эркинлиги ҳамма фуқароларга тегишли ҳисобланади. Зеро, фуқароларнинг фикр, сўз ва эътиқод эркинлигига доир конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш – ривожланган демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шартидир.
Жумладан, покистонлик экспертлар янги таҳрирдаги Конституцияга киритилиши таклиф этилаётган нормаларнинг аксарияти инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг кафолатларини кучайтириш ва механизмларини мустаҳкамлашга қаратилган эканига алоҳида урғу бериб ўтдилар.
Тадбир якунида экспертлар янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилиниши “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқ фаровонлигини янада ошириш, давлат ва фуқаролик жамиятини жадал ривожланиши учун мустаҳкам асос яратишига ишонч билдирдилар.
Барқарор ривожланиш маркази ахборот хизмати