Конституциявий ислоҳотлар: Ўзбекистон ва Ҳиндистон тажрибаси

Тошкентдаги “ННТлар уйи”да “Конституциявий ислоҳотлар: Ўзбекистон ва Ҳиндистон тажрибаси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Барқарор ривожланиш маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбирда Ҳиндистонннинг Ўзбекистондаги элчиси, “Жавоҳарлал Неру” университети прфессорлари ва экспертлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этишди.

Унда Ўзбекистон ва Ҳиндистон конституциявий ривожланиш ва конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш тажрибасини қиёсий таҳлил қилиш, хусусан, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг конституциявий асосларини ривожлантириш, уларнинг шахс шаъни ва қадр-қимматини таъминлашдаги роли ва аҳамиятини ошириш каби масалалар юзасидан тажриба алмашишга асосий эътибор қаратилди.

Дастлаб, Ҳиндистонда конституциявий ислоҳотлар, барқарор ривожланиш мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун конституциявий ва ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш масалалари тўғрисида сўз юритилди.

Қайд этилдики, Ҳинд халқи мустақилликка эришгандан икки йил ўтиб, 1949 йил 26 ноябрда қабул қилинган, 395 модда, 12 йирик илова, 117400 сўздан иборат Ҳиндистон конституцияси ҳажман дунёда энг йирик ҳисобланади. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатга 500 дан ортиқ ўзгариш ва қўшимча киритилган, 80 та янги модда қўшилган, қомуснинг 20 та моддаси бекор қилинган.

Ҳиндистонлик экспертларнинг қайд этишича, Конституция халқнинг хоҳиш иродасини ифода этувчи олиий ҳужжат ҳисобланади. Ўзбекистондаги олиб борилаётган бугунги ислоҳотлар ва янгиланаётган Конституцияни чуқур ўрганиш ҳамда қиёсий таҳлил қилиш барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда ўзига хос тажриба ҳисобланади.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотларда барқарор ривожланиш жараёнларида миллий мақсад ва вазифаларини амалга оширишнинг конституциявий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Тадбир якунида экспертлар халқ билан давлат ҳокимияти ўртасидаги мулоқот бугунга келиб тубдан ижобий ўзгарганлиги, очиқлик сиёсати орқага қайтмайдиган жараён эканлиги, ўсиб бораётган ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжларни қондириш учун янгича муносабатлар ва масъулиятга эҳтиёж борлигини инобатга олиб, янгиланаётган Конституция жамият ва давлат ўртасидаги янги “жамоат келишуви” сифатида гавдаланаётганлигини, бу эса ўз навбатида Ўзбекистон ижтимоий давлат сифатида белгиланаётганлиги, ижтимоий мажбуриятларга доир нормалар 3 баробарга ошаётганлиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари борасида сезиларли енгилликлар берилаётганлиги мамлакатнинг барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда муҳим қадам эканлигини эътироф этишди.

ЎзННТМА Ахборот хизмати