Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида “Конституциявий ислоҳотлар ва ижтимоий давлат қуриш” мавзусига бағишланган Ўзбекистон-Қозоғистон давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Барқарор ривожланиш маркази ҳамда Чирчиқ давлат педагогика университети ҳамкорлигида ташкил этилди.
Давра суҳбати офлайн ҳамда онлайн шаклида ташкил этилди. Қўшни Қозоғистон томонидан “Интеллест Орда” халқаро ижтимоий-гуманитар тадқиқотлар интеграцияси институти директори, тарих фанлари доктори, профессор, Саттор Мажитов “Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрири: Қозоғистон нуқтаи назари” бўйича маъруза билан иштирок этиб, ўз ҳамжамияти томонидан бўлган муносабатларини билдириб ўтди.
Шунингдек, журналист, халқаро эксперт (Қозоғистон) Данара Курманова ўз нутқида Конституциянинг янги таҳририда ногиронларни ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича назарда тутилаётган моддаларига алоҳида эътибор қаратди.
Тадбирда экспертлар томонидан янги даврнинг энг муҳим ва устувор хусусиятлари, аввало, мамлакатимизда давлат ва бошқарув органлари, барча раҳбарлар бундан буён ўз фаолиятини “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойил асосида олиб бориши, уларнинг барча куч ва имкониятлари адолатли жамият ва ижтимоий давлат қуриш, ҳозирги ва келгуси авлодларнинг фаровон турмушини таъминлашга қаратилгани ҳақида сўз юритдилар.
Зеро, “инсон қадри” ва “ижтимоий давлат” тушунчаларини бир-биридан айри тасаввур қилиб бўлмайди, улар бир-бирини тақозо этади ва ўзаро чамбарчас боғлиқдир.
Давра суҳбати иштирокчиларига ижтимоий давлат қурилиши ва бундан кўзланган мақсадлар тўғрисида атрофлича тўхталиб ўтилди. Жумладан маърузачилар томонидан ижтимоий давлат аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, камбағаллик ва ишсизликни бартараф этиш, фуқароларнинг бандлиги ва даромади доимий ўсиб боришини таъминлаш, ёш тадбиркорлар ва аёллар тадбиркорлигига кўмаклашиш, таълим, соғлиқни сақлаш ва маънавий-маданий соҳаларнинг барқарор ривожланишига эришиш, ижтимоий суғурта таъминоти тизимини ривожлантириш, жамиятдаги кескин ижтимоий фарқланишга йўл қўймаслик ва ижтимоий тенгсизликни юмшатиш, имтиёзларни қайта кўриб чиқиш орқали барчага муносиб турмуш шароитларини яратиш каби вазифаларни бажариши ҳақида маълумотлар берилди.
Дарҳақиқат, ижтимоий давлат фуқаролик жамияти институтлари ва давлат ташкилотлари мақсадларининг яқинлашиши ва уйғунлашишини назарда тутади.
Тадбир якунида экспертлар янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилиниши “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқ фаровонлигини янада ошириш, давлат ва фуқаролик жамиятини жадал ривожланиши учун мустаҳкам асос яратишига ишонч билдирдилар.
Барқарор ривожланиш маркази ахборот хизмати