Жорий йилнинг 28 март куни “ННТлар уйи”нинг анжуманлар залида Тошкент шаҳри ННТ вакиллари ва ОТМ профессор-ўқитувчилари иштирокида Конституциявий қонун лойиҳаси ва референдум бўйича Барқарор ривожланиш маркази, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда учрашув ташкил этилди.
Учрашувда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси, Конституциявий комиссия аъзоси Малика Қодирхонова ҳам иштирок этди.
Тадбирнинг асосий мақсади – кенг жамоатчиликни мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар ва бўлажак референдумга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирлар ижроси билан таништиришдир.
Бугунги кунда Конституциямиз ва қонунларимиз талабига кўра сўз, ахборот, эътиқод, фикр ва ғоялар эркинлиги ҳамма фуқароларга тегишли ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “фуқароларнинг фикр, сўз ва эътиқод эркинлигига доир конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш – ривожланган демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шартидир”.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтлари роли ва аҳамиятини тубдан ошириш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар кўрилди. Хусусан, 200 дан ортиқ акт, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси амалга оширилмоқда.
Учрашув давомида иштирокчиларга охирги беш йил давомида нодавлат нотижорат ташкилотлар сони 22 фоиз ошгани, жумладан, республика бўйича 200 га яқин йирик нодавлат нотижорат ташкилот фаолият бошлагани тўғрисида маълумотлар берилиши биргаликда бугунги кунда ушбу фуқаролик жамияти институтлари инсон қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда бағрикенглик ва инсон ҳуқуқларига доир маданиятни шакллантириш, барқарор ривожланишнинг энг муҳим вазифалари ижросида муҳим роль ўйнаётгани ҳам қайд этиб ўтилди.
Учрашув мобайнида соҳа вакиллари томонидан янги таҳрирдаги Конституцияга киритилиши назарда тутилган нормалар борасида маълумотлар берилди. Хусусан:
Киритилаётган тузатишлар:
Давлат ва унинг органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш юритадилар. (15-модда);
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шакллари ҳамда воситаларини тўлдиради, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ва инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтиришга кўмаклашади.
Давлат инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратади. (56-модда);
– ХIII-бобнинг номи “Жамоат бирлашмалари”дан “Фуқаролик жамияти институтлари”га ўзгартирилмоқда. Бу Конституциянинг мазкур бобидаги субъектлар доираси кенгайтирилаётганлигини англатади;
Илк маротаба фуқаролик жамияти институтларига таъриф берилмоқда: “Фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этади.
Фуқаролик жамияти институтларининг фаолияти қонунга мувофиқ амалга оширилади” (69-модда);
– Конституция давлат ОАВлар фаолиятининг эркинлиги, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлашини назарда тутувчи янги нормалар билан тўлдирилмоқда (81-модда);
Ушбу конституциявий тузатишлар киритилиши мамлакатда сўз эркинлиги, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини янада таъминлаш, ОАВ вакилларининг улар кўрсатаётган ахборот хизматлари учун масъулиятини оширишга хизмат қилади. Натижада бу жамият ва давлат ўртасидаги мулоқотни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади.
– фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда ижтимоий шериклик дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдаги иштирокини таъминлаш Ҳукуматнинг энг муҳим вазифалари сифатида белгиланмоқда (115-модда);
Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритади. (130-модда);
Фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг шакллантирилиши ҳамда ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади.
Фуқароларнинг ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг бюджет жараёнида иштирок этиши тартиби ва шакллари қонун билан белгиланади. (148-модда);
Янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилиниши “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқ фаровонлигини янада ошириш, давлат ва фуқаролик жамиятини жадал ривожланиши учун мустаҳкам асос яратади.