Конституция – шаъним ва қадрим ҳимоячиси!

Биринчи маротаба ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли эканлиги мустаҳкамланмоқда. Бу фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси нафақат миллий қонунчиликда белгиланган нормалар, балки халқаро ҳуқуқ асосида ҳам ҳимояланишини таъминлайди.

Янгиланаётган Конституциясига киритилаётган айни шу жиҳатлар Нукус халқаро аэрапортида Қорақапоғистон Республикаси Жуқорғи Кенгаши, Нукус халқаро аэрапорти ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Қорақалпоғистон ҳудудий бўлинмаси томонидан “Референдум - халқ иродасининг ҳаётий ифодаси” шиори остида Конституциявий қонун лойиҳаси ҳамда Референдум юзасидан ўтказилган тарғибот тадбирида қайд этилди.

Тадбирда соҳа вакиллари таъкидлашдики, ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эга.

Қолаверса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги мустаҳкамланмоқда, ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги белгиланмоқда. Бу қоидаларнинг Конституцияда белгиланиши жиноий таъқиб остидаги ҳар қандай шахсга ёки унинг яқин қариндошларига руҳий босим ва турли таҳдидлар ўтказиш, унинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш каби бошқа ноқонуний усуллар қўлланишини олдини олишга хизмат қилади.

Яна бир муҳим норма – агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги кафолатланмоқда.

Шу ва бошқа янги норма ва моддалар тўғрисида йиғилганларга атрофлича тушунтириб ўтилди.

Тадбир якунида иштирокчилар жорий йилнинг 30 апрель санасида бўлиб ўтадиган умумхалқ референдумида иштирок этишга чақирилди.