Конституциямиз мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, халқимизнинг тинч-осуда, фаровон ҳаётини таъминлашнинг муҳим асосидир. Унинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этиш, аҳоли, айниқса, ёшлар онгу-шуурида Ватанга садоқат, қонунларимизга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилаётган учрашув, давра суҳбати, очиқ мулоқот ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар муҳим аҳамиятга эга.
Ушбу тадбирларда Конституциямизнинг мазмун-моҳияти ва ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш асослари, фуқароларнинг ҳуқуқ ва бурчлари содда тилда чуқур шарҳлаб берилмоқда. Асосий қонунимиз билан мамлакатимизда инсон манфаатларини улуғлашнинг ҳуқуқий асоси юксак даражада мустаҳкамлаб қўйилганлиги кенг намоён этилмоқда.
Шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Навоий вилоят бўлинмаси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – инсон ҳуқуқлари кафолати” мавзуида ташкил этилди.
Давра суҳбатида Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича минтақавий вакили (омбудсман) Ш.Жўраев, Халқ депутатлари Навоий вилояти кенгаши ҳузуридаги жамоат фонди директори Ҳ.Жумаев, ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Маърузачилар ўз сўзларида, бахтимиз қомуси ҳисобланмиш конституциямизда фуқароларимизнинг давлат ва жамият олдидаги ҳуқуқ ва бурчлари миллий қадриятларимиздан келиб чиққан ҳолда дунё ҳамжамияти миқиёсидаги халқаро ҳуқуқ меъёрлари асосида белгилаб берилганлиги, 1992 йилдан бери бу кун республикамиз сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутган кун сифатида қаралиб келинаётганлигини таъкидлаб ўтдилар.
Давра суҳбатида қайд этилдики, мамлакатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фидоий инсонлар билан бир қаторда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларига ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси конституцияси – 30 йиллиги” кўкрак нишонлари топширилганлиги соҳага бўлган ишончни белгилаш билан бир қаторда соҳа вакилларига масъулият юклайди.
Ўзбекистон нодавалат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Навоий вилоят бўлинмаси бошлиғи К.Бабакулова ўз сўзида қонун устуворлиги ва ижросини таъминлашда жамоатчилик назоратини кучайтиришнинг аҳамияти, бу борада вилоятда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотларнинг роли ва уларга юклатилаётган масъулият ҳақида тўхталиб ўтди.
Давра суҳбатига йиғилган нодавлат ташкилотлар раҳбарларига Конституциямиз мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш борасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш лозимлиги таъкидланди.
Дилдора Рузиева,
ЎзННТМА Навоий вилоят бўлинмаси мутахассиси