Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курслари ташкил этилиши муносабати билан “Конституция – эркин ва фаровон ҳаётимиз, мамлакатимизни янада тараққий эттиришнинг мустаҳкам пойдеворидир” мавзусидаги тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталари вакиллари, Адлия вазирлиги масъуллари ҳамда ННТлар раҳбарлари иштирок этишди.
Қайд этилдики, мамлакатимизда очиқлик сиёсатини давом эттириш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасига фаол фуқаролик жамиятини шакллантириш ва жамоатчилик назорати институтини янада ривожлантиришга қаратилган нормалар киритилди. Хусусан, миллий қонунчилигимизда биринчи маротаба фуқаролик жамияти институтларининг таркиби очиб берилмоқда ҳамда улар фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этиши мустаҳкамланмоқда. Янги таҳрирдаги Конституциянинг ХIII-боби “Жамоат бирлашмалари”дан “Фуқаролик жамияти институтлари”га ўзгартирилмоқда. Бу Конституциянинг мазкур бобидаги субъектлар доираси кенгайтирилаётганлигини англатади.
- Илк маротаба фуқаролик жамияти институтларига таъриф берилмоқда: “Фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этади. Фуқаролик жамияти институтларининг фаолияти қонунга мувофиқ амалга оширилади” (69-модда);
– фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда ижтимоий шериклик дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдаги иштирокини таъминлаш Ҳукуматнинг энг муҳим вазифалари сифатида белгиланмоқда (115-модда);
Таъкидландики, бундай ёндашув Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган изчил сиёсатга уйғун ва ҳамоҳангдир. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатимизни социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантириш ҳамда жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштироки ва таъсирчан ролини оширади. Бинобарин, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг янада очиқлигини таъминлаш, бошқарув қарорлари қабул қилинишини сифат жиҳатдан янги даражага кўтаришда айнан фуқаролик жамияти институтлари беқиёс аҳамият касб этади.
Тадбирда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиқиб, ННТлар раҳбарларининг Давлат бошқаруви академиясида малака ошириш масаласи ҳам кўриб ўтилди. Таъкидландики, жорий йилда икки босқичда 75 нафардан ННТлар раҳбарларининг малакасини ошириш режа қилинган.
72 соатлик махсус ўқув режа асосида олиб бориладиган дарсларда ННТларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, давлат идоралари билан ижтимоий шерикликни ривожлантириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, қолаверса, молиявий барқарорликка эришиш, хорижий тажриба ҳамда раҳбар ходимнинг шахсий компитентлигини ошириш масалаларига эътибор қаратилади. Шунингдек, амалий учрашувлар, пойтахтимизда фаолият юритаётган йирик нодавлат нотижорат ташкилотларига ташрифлар ва маданий тадбирлар ҳам ўқув дастурларидан ўрин олган.