Тарғибот тадбирлари Бухоро вилоятида ҳам қизғин давом этмоқда. Куни кеча ЎзННТМА Кенгаши ва вилоят ҳудудий бўлинмаси ходимлари Когон туманидаги Психология ва хорижий тиллар нодавлат таълим муассасаси талабалари билан учрашди.
Учрашувда ёшларга Янгиланаётган Конституция лойиҳасининг моҳияти хусусида тушунчалар берилди.
Жумладан, талаба ёшларни Интернет тармоғидан фойдаланиш юзасидан киритилаётган янги нормалар қизиқтирди.
Бунга жавобан, таъкидлаб ўтилдики, Янгиланаётган Конституцияда давлат Интернет тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиши белгиланмоқда.
Бу ҳар бир шахснинг Интернет орқали ахборот излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини амалга ошириш кафолатларини янада кучайтиради. Чекка ҳудудларда яшовчи аҳолини Интернет тармоғи билан таъминланишига хизмат қилади. Давлат шундай улкан вазифани ўз зиммасига олмоқда.
Шунингдек, Конституциявий ислоҳотларда акс этаётган инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, таълим, ижтимоий соҳа, парламент, суд органлари ва ҳокимият тизими фаолиятига доир янги конституциявий нормалар хусусида ҳам сўз юритилди, шу билан бирга, барчани 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумда фаол иштирок этишга чорланди.
Ўз навбатида ёшлар ҳам 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумда ёрқин келажак учун овоз беришларини айтиб, “тенгдош-тенгдошга” таъмойили асосида янгиланаётган Конституция ҳақида ёшлар ўртасида тарғибот ишларини олиб боришга келишиб олишди.