Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
«КИЧИК БИЗНЕС ВА ХУСУСИЙ ТАДБИРКОРЛИК ЙИЛИ» ДАВЛАТ ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 6-сон, 47-модда)
Мулкдорларнинг ўрта синфини шакллантириш, ички бозорни рақобатбардош ва сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, янги иш ўринлари яратиш ва шу асосда аҳоли даромадларини кўпайтириш ва фаровонлигини оширишнинг муҳим омили, мамлакат тараққиёти йўлидаги фаол ҳаракатлантирувчи куч сифатида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган кенг чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш мақсадида, шунингдек, 2011 йил Ўзбекистон Республикасида «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» деб эълон қилинганлиги муносабати билан:
- Қуйидаги йўналишларга асосланган «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» Давлат дастури иловага* мувофиқ тасдиқлансин:
*Илова берилмайди.
мамлакатимиз ва унинг ҳудудларида янада қулай бизнес-муҳит яратиш, хусусий мулкчиликнинг устуворлигини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва бу борада ишончли кафолатларни таъминлаш, тадбиркорликка кўпроқ эркинлик бериш, давлатнинг бошқарув функциялари ва рухсат берувчи нормаларни қисқартириш, бюрократик тўсиқ ва ғовларни олиб ташлаш, кичик бизнес субъектларининг молия-кредит ва хом ашё ресурсларидан, улар ишлаб чиқарадиган маҳсулотларга давлат буюртмалари берилишидан кенг фойдаланишини таъминлайдиган бозор воситалари ва механизмларини татбиқ этиш;
давлат ва назорат органларининг тадбиркорлик субъектлари молия-хўжалик фаолиятига аралашувини кескин қисқартириш;
кичик корхоналар ташкил қилиш ҳамда кичик корхоналар ва тадбиркорларни рўйхатдан ўтказиш тартиб-қоидаларини янада соддалаштириш, кичик бизнес субъектларини қуриш ва уларни муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш, нотураржой хоналари ва зарур ер участкаларини ажратиб бериш борасидаги масалаларни ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни қабул қилиш;
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси учун солиқ ва бошқа тўловлар бўйича янада қулай шарт-шароитлар яратиш, имтиёз ва преференциялар бериш, ҳисоботлар тизими ҳамда молия, солиқ ва статистика органларига ҳисоботлар топшириш механизмини такомиллаштириш ва унификациялаш;
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кредитлар бериш механизмини янада такомиллаштириш ва уларнинг ҳажмини ошириш, биринчи навбатда, инвестиция мақсадларига, бошланғич сармояни шакллантиришга кредитлар ажратиш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ҳамда технологик янгилаш учун ўрта ва узоқ муддатли кредитлар бериш;
кичик бизнесни ривожлантиришга хорижий инвестицияларни, авваламбор, халқаро молия институтларининг кредитларини ҳамда тўғридан-тўғри инвестицияларни кенг жалб этиш ва йўналтириш;
саноат тармоқларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда юқори технологияга асосланган замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун кенг имкониятлар яратиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқаришга инновацион технологиялар жорий этилишини рағбатлантириш;
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятдаги иштирокини кенгайтириш масалаларини тубдан ҳал этиш, уларнинг экспорт салоҳиятини оширишга, экспортга мўлжалланган маҳсулотини жаҳон ва минтақавий бозорларга олиб чиқишга кўмаклашиш;
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ахборот билан таъминлаш, шунингдек, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масалаларида уларга консультатив кўмак бериш тизимини янада ривожлантириш.
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 14 декабрдаги Ф-3539-сон фармойишига мувофиқ тузилган Республика комиссияси зиммасига «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» Давлат дастурининг бажарилишини ташкил этиш ва унинг мониторингини олиб бориш вазифаси юклансин.
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари бошчилигида тегишли ҳудудий комиссиялар ташкил этилсин, уларнинг зиммасига Дастурда кўзда тутилган тадбирлар республика ҳудудларида белгиланган муддатларда сўзсиз ва сифатли амалга оширилиши учун шахсий жавобгарлик юклансин.
Бунда қуйидагиларга:
тадбиркорларнинг ўз ишини очиши билан боғлиқ масалаларда содир бўлаётган аниқ ўзгаришларга;
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг муҳандислик-коммуникация тармоқлари — энергия ва газ таъминоти, сув ва иссиқлик таъминоти ҳамда бошқа тармоқларга уланиши бўйича шарт-шароитларнинг яхшиланиши ва муддатлари қисқартирилишига;
тадбиркорлик субъектларига ер участкалари, шунингдек, нотураржой хоналар ажратиб бериш билан боғлиқ ҳолат қанчалик яхшиланганига;
кичик бизнес субъектлари фаолиятини текшириш ва бошқа ортиқча чеклашларни, давлат ва назорат органларининг тадбиркорлар молия-хўжалик фаолиятига аралашувини қисқартириш борасидаги ишларнинг аҳволи қай тарзда ўзгараётганига;
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига тижорат банклари томонидан кредитлар ажратилиши билан боғлиқ ишларнинг аҳволи қанчалик ўзгарганига алоҳида эътибор қаратилсин.
- «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» Давлат дастурини амалга ошириш бўйича Республика комиссияси (Ш. М. Мирзиёев):
икки ҳафта муддатда республика давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, бошқа ташкилотлар томонидан ҳар бир вазирлик ва идора, минтақа, шаҳар, туман ва аҳоли пункти бўйича «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили»нинг ҳудудий ва тармоқ дастурлари ишлаб чиқилиши ҳамда қабул қилинишини таъминласин;
«Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» Давлат дастури бўлимлари ва бандларини тўлиқ, сифатли ва ўз вақтида бажариш бўйича республика давлат ва хўжалик бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар даражасида ишлар мувофиқлаштирилишини ташкил этсин, Дастурга киритилган тадбирлар амалга оширилиши устидан тизимли назорат ўрнатсин;
Дастурнинг амалга оширилиши тўғрисидаги материалларни йилнинг ҳар чорагида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида кўриб чиқсин;
ҳар чорак якунлари бўйича «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» Давлат дастурида назарда тутилган тадбирлар бажарилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонига ахборот бериб борсин.
- Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар экспорти ҳажми ўсишига муҳим аҳамият берилгани ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда:
товарлар ва хизматлар экспорти ҳамда импорти бўйича статистик ҳисобот шаклларига кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган товарлар ҳамда кўрсатилган хизматлар экспорти кўрсаткичлари бўйича алоҳида бўлим киритсин;
ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган товарлар ва кўрсатилган хизматлар экспорти ҳажмлари ҳамда таркиби тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этиб борсин.
- Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, оммавий ахборот воситалари:
аҳоли, айниқса, тадбиркорлик субъектлари ўртасида «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» Давлат дастурининг мақсад ва вазифалари кенг кўламда тушунтирилишини;
республика давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларнинг Дастурда назарда тутилган тадбирларни амалга оширишга қўшган аниқ ҳиссасини акс эттирган ҳолда, Дастурнинг амалга оширилиши мунтазам ёритиб борилишини таъминласинлар.
- Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2011 йил 7 февраль,
ПҚ-1474-сон