Хотин-қизлар ҳимоясида ННТлар фаоллиги

«Қалб нури» аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази ташаббуси билан "Зўравонликдан кейинги ҳаёт -  зўравонликни бошдан кечирган аёлларни реинтеграция қилиш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда Фарғона вилоят ҳокимлиги, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, вилоят ИИБ, вилоят Адлия бошқармаси, Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг гендер комиссияси, Фарғона Давлат Университетининг Гендер тадқиқотлар маркази, ЎзННТМА ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда туман ва шаҳарлардаги 1062 та МФЙларнинг хотин-қизлар фаоллари, профилактика инспекторлари онлайн иштирок этди.

Давра суҳбатида вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари К.Кавлонова Фарғона вилоятида зўравонликдан жабр кўрган, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг ҳаёт сифати ва фаровонлигини ошириш мавзусида маъруза қилди.

Шунингдек, давра суҳбатида соҳанинг мутахассислари томонидан аёллар муаммоларини ечиш фуқаролик жамиятининг асосий вазифалаларидан бири, зўравонликка учраган хотин-қизлар билан ишлашда давлат ва нодавлат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш, қизларни ҳаётга таёрлаш каби бир қатор мавзуларда маърузалар тингланди.

Шунингдек, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг гендер комиссияси томонидан 2022 йил давомида аёллар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва Гендер зўравонликни олдини олишда фаол иштирок этган шаҳар ва туманлардаги бир гуруҳ ташкилотлар раҳбарларига ташаккурномалар топширилди.

ЎзННТМА Фарғона вилоят ҳудудий бўлинмаси