Урганч шаҳрида «Дўстлик ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўйи» да Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси ва Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси томонидан давлат грантларини тайёрлаш бўйича семинар ўтказилди.
Тадбирда Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси аъзоси, Қонунчилик палатаси депутати Н.Кутлимуратова, сенатор Г.Дурдиева, вилоят нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари иштирок этишди.
Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад нодавлат нотижорат ташкилотлар, ОАВ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватланиш борасидаги хабардорлигини ошириш, уларнинг танловларга иштирок этишдаги фаоллигини ошириш, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари билан ижтимоий шерикликни ривожлантиришдан иборат.
Бугунги ривожланиш жараёнларида «Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ги Қарори ва «2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» ги Президент фармони нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятида тарихий воқеа бўлди десак муболаға бўлмайди ва улар фаолиятини янада ривожлантириш, уларнинг мустақиллигини таъминлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Тадбир доирасида Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси 2020 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи ва 2021 йилга йўл харитасини кўриб чиқилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси аъзоси, Ижтимоий шериклик бўйича Жамоат комиссияси, Адлия, Молия бошқармалари, ЎзННТМА Хоразм вилояти ҳудудий бўлинмаси ва вилоят Жамоат фонди вакиллари томонидан фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий шерикликнинг самарадорлигини тубдан юксалитиришга кўмаклашиш мақсадида очик мулоқот ташкил этилди. Хоразм вилоятидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари бугунги кундаги асосий муаммолари нималардан иборат, уларни ривожлантириш учун қандай ишларни амалга ошириш зарур каби саволларга вилоят нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг таклифлари ва тавсиялари олинди ва ўрганилди.
Тадбир якунлари бўйича лойиҳаларни амалга ошириш борасида нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбар ва ходимларининг салоҳиятини ошириш, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат Фонди томонидан эълон қилинадиган танловлар, хусусан давлат грантлари ва ижтимоий буюртмалар ҳамда улардан самарали фойдаланиш механизмлари тўғрисида атрофлича маълумотлар берилди, хулоса ва таклифлар билдирилди.
Бу эса вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг долзарб муаммоларини ҳал этишдаги иштирокини кенгайтиради, маҳаллий давлат бошқаруви ва ижро органлари билан нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамкорлигини мустаҳкамлайди.