Хоразм вилояти Урганч шаҳрида “Дўстлик ва нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи” биносида 2019 йил 15-16 август кунлари “Ислоҳотлар жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг роли ва ижтимоий шерикликни амалга оширишдаги муаммолар ҳамда ечимлар” мавзусида

 Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси,  Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат Кенгаши, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгаши ва Хоразм вилоят ҳокимлиги томонидан ўтказилди.

Тадбирда давлат вакиллик органлари аъзолари, ижро органларининг масъул ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, оммавий ахборот воситалари (ОАВ) вакиллари иштирок этди. Эътиборли жиҳати шундаки, 2018 йилда Парламент комиссияси маблағлари эвазига Урганч шаҳрида бунёд этилган “Дўстлик ва ННТлар уйи” тажрибасини бутун республикага тарғиб қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғу Кенгеси вакили, Тошкент шаҳри ва вилоят ҳокимларининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ишлаш бўйича ўринбосарлари ҳам таклиф этилди.

Тадбир 15 август куни “Дўстлик ва ННТлар уйи”да ННТларнинг фаолияти ва уларга яратилган шарт-шароитларни ўрганишдан бошланди. “Дўстлик ва ННТлар уйи”да вилоятнинг 16та  энг илғор ННТлари ва 4та миллий маданий марказлар жойлаштирилган. Йиғилиш иштирокчилари аввал ЎзННТМА Хоразм вилояти ҳудудий бўлинмаси учун яратиб берилган шароитлар ва имкониятларни ўргандилар. ЎзННТМА ҳудудий бўлинмаси учун яратилган иш хона ва семинар-тренинг хоналари меҳмонларда яхши таассурот қолдирди. Шундан сўнг, ЎзННТМА Кенгаши раиси ва ўринбосарлари Корейс маданий маркази ҳамда “Нур ва ҳаёт” Хоразм вилояти маркази ННТ фаолияти билан танишдилар. Эътиборли жиҳати шундаки, “Нур ва ҳаёт” маркази ННТ экология соҳасида фаолият кўрсатиб, халқаро фондлар томонидан ажратилган грант танловларида иштирок этиб 1 млрд. сўмдан ортиқ грант маблағларини жалб қилган ҳолда юртимизнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидек экологик ҳолати оғир минтақаларида экологик таъсирни юмшатишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқдалар. “Нур ва ҳаёт” маркази ичимлик суви муаммоси ўткир бўлган ҳудудларга сув олиб келиб, аҳолининг энг долзарб муаммоларини ҳал қилмоқдалар.

Куннинг 2-ярмида “Дўстлик ва ННТлар уйи” мажлислар залида 20дан ортиқ ННТлар иштирокида Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг жамоат эшитувлари ташкил этилди. Ушбу давлат органларининг мутасадди ходимлари Парламент комиссияси аъзолари ҳамда ННТларга ўзларининг 2019 йилнинг 1-ярим йиллигида амалга оширган ишлари тўғрисида ҳисобот бердилар ва ташкилотнинг олдида турган муаммоларни ечишда ННТларга Ижтимоий шериклик доирасида ҳамкорликни кучайтириш борасида таклифлар бердилар. Жамоат эшитувлари қизғин савол-жавоб ва мунозараларга уланиб кетди. Жамоат эшитувларида ННТларнинг саволларига нафақат давлат органлари вакиллари, шунингдек Парламент комиссияси ва ЎзННТМА Кенгаши раиси ва ўринбосарлари жавоб бердилар.

16 август кунги тадбир “Дўстлик ва ННТлар уйи”да жойлашган миллий маданий марказлар ва ННТлар кўргазмалари билан танишишдан бошланди. Ўзбекистон ногиронлар жамияти Хоразм вилояти бўлими томонидан ажратилган ногирон шахсларга 4та ногиронлик аравачаси, 10 та юриш мосламаси ва 20дан ортиқ хасса буюмлари Маслаҳат Кенгаши ва Парламент комиссияси аъзолари томонидан тантанали равишда эгаларига топширилди.

Шундан сўнг, тадбирнинг асосий қисми, яъни Мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси,  Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгаши ва Хоразм вилоят ҳокимлигининг кенгайтирилган қўшма йиғилиши бошланди. Тадбирда жами бўлиб 150 дан ортиқ иштирокчи қатнашди.

Тадбирни ФЖШМҚМИ директори, Маслаҳат Кенгаши аъзоси Р.Камилов очиб берди.

Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик комиссияси раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси – С.Абдукаримова,  Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгаши ҳузуридаги доимий комиссия раиси – Б.Абдуллаев, Парламент комиссияси раиси ўринбосари, Олий Мажлис Сенати аъзоси – Б.Тажиев, Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари – М.Умрзоқов, ЎзННТМА Кенгаши раиси в.б., Парламент комиссияси аъзоси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат Кенгаши аъзоси Н.Алимов ўзларининг соҳага тегишли бўлган долзарб мавзулари билан йиғилганлар олдида нутқ сўзлашди. Шундан сўнг, Парламент комиссияси аъзолари давлат органлари ва ННТлар билан ўзаро савол-жавоб тарзида очиқ мулоқот ўтказиб, уларнинг талаб ва таклифларини ўзлари учун белгилаб олдилар.

Куннинг 2-ярмида ЎзННТМА ҳудудий бўлинмаси семинар-тренинг залида ЎзННТМА Кенгаши раиси ва ўринбосарлари ҳамда Хоразм вилояти адлия бошқармаси масъул ходимлари иштирокида 20 дан ортиқ ННТлар иштирокида сайёр қабул ўтказилди.

ННТлар ўзларининг олдида турган муаммо ва камчиликларни ҳал қилиш борасида ЎзННТМА аъзолари ҳамда вилоят адлия бошқармаси ходимлари томонидан таклиф ва тавсиялар олишди.

Хусусан, ЎзННТМА ҳудудий бўлинмаси ва “Интербилим” маркази раҳбари Р.Машарипова Хоразм вилоятидаги ННТлар имкониятлари ва улар томонидан амалга оширилаётган йирик лойиҳалар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, “Дўстлик ва ННТ уйи” кўплаб ННТларни бино билан таъминлай олмаётганлиги ҳақида айтиб, бўш турган жойга янги бино қуриш таклифини билдирди.

 “Нур ва ҳаёт” маркази ННТ раҳбари ўз ташкилоти томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бериш билан бирга, ташкилотнинг олдида турган долзарб муаммоларни ҳам таъкидлаб ўтди. Хусусан, Хоразм вилояти экология ва атроф-муҳитни мухофаза қилиш бошқармаси “Нур ва ҳаёт” маркази каби экология соҳасидаги ННТлар билан ҳамкорликни йўлга қўймаётганлигини, бу борада бошқарма сусткашликка йўл қўяётганлигини таъкидлаб ўтди.

“Фарзанд” маркази ННТ раҳбари С.Нуруллаев сайёр қабул ташкилотчиларига миннатдорчилик билдириб, ННТлар учун тадбиркорлик билан шуғулланиш борасида қонунчилик ҳақида сўраб мурожаат қилди. ЎзННТМА вакиллари ва адлия бошқармаси масъул ходимлари бу борада қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритилаётганини, тез орада бу соҳада янгилик бўлишин айтиб ўтдилар.

Шундан сўнг, Керейс маданий маркази раҳбари Антонина Ким Урганч шаҳри “Дўстлик ва ННТ уйи”да яратилган шарт-шароит учун ҳукуматимизга, хусусан Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондига миннатдорчилик билдириб, миллий маданий марказлар олдида турган молиявий муаммолар ҳақида айтиб ўтди. Шунингдек, “Дўстлик ва ННТ уйи” биносига қоровул етишмаслиги ва коммунал тўловларни тўлаш борасида бинода жойлашган барча ННТлар учун тенг тақсимланмаётганлиги ҳақида таъкидлаб ўтди.

ЎзННТМА вакиллари ННТларни грант лойиҳаларида фаол иштирок этиш орқали ННТларни молиявий мустақил қилиш борасида тавсия бердилар ҳамда ЎзННТМА Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ташкиллаштириладиган маҳорат дарсларида иштирок этишга чақирдилар.

“Жамоатчилик ташаббуси” ННТ раҳбари Шукурова Айша ННТлар учун тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун қонунчиликка ўзгартириш киритишда илғор хориж тажрибасини тадбиқ қилиш кераклигини таъкидлаб ўтди.

“Мехр булоғи” ННТ раҳбари Бекжонова Гулпошша – унинг ташкилоти учун ногиронлиги бўлган шахсларга касб-ҳунар ўргатиши учун ўқув хонаси ажратилишини сўраб мурожаат қилди. Адлия бошқармаси вакиллари “Дўстлик ва ННТлар уйи” ховлисида бўш турган жойга янги бино қад ростлашини айтиб, кейинчалик янги бинодан ўқув хоналари ажратилишини айтиб ўтди. Шунингдек, Адлия бошқармаси масъул ходимлари ННТлар учун телеграм гуруҳ яратилганлигини, ушбу гуруҳ орқали ННТлар индивидуал ёки жамоавий мурожаат йўллашлари мумкинлиги айтиб ўтилд.

Дарҳақиқат, ННТлар олдида турган энг катта муаммо – бу молиявий етишмовчилик. Ушбу муаммоларни ечишда давлат органлари билан узвий ҳамкорлик қилиш, улар томонидан бериладиган ижтимоий буюртмада иштирок этиш, юқорида айтиб ўтилган муаммоларни ечишда ўзининг амалий натижасини кўрсатиши таъкидланди. ЎзННТМА Кенгаши раиси ва ўринбосарлари ННТларнинг муаммо ва камчиликларини Маслаҳат Кенгаши ва Парламент комиссияси йиғилишларининг кун тартибига киритиш ҳақида айтиб ўтдилар.

                                  

                                                                                                                  ЎзННТМА – ахборот хизмати