Халқ дипломатияси – миллий манфаатларни тарғиб қилишнинг муҳим омили

Жорий йил 28 ноябрь куни Тошкентда “Халқ дипломатияси – миллий манфаатларни тарғиб қилишнинг муҳим омили” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистондаги ШҲТ Халқ дипломатияси маракази томонидан Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси билан биргаликда ташкил этилди.

Давра суҳбатида сенаторлар, депутатлар, ШҲТ аъзо мамлакатлар дипломатик миссиялари вакиллари, вазирликлар ва идоралар мутахассислари, миллий, хорижий экспертлар ва олимлар, ЎзННТМА вакиллари, шунингдек миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Қайд этилганидек, халқ дипломатияси институти миллий манфаатларни тарғиб қилиш ва халқаро муносабатларни мустаҳкамлашнинг ижобий омили сифатида алоҳида аҳамият касб этади. Мамлакатлар ва халқаро ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилган жамоат бирлашмаларининг ташаббуслари, шубҳасиз, миллий манфаатларни ҳисобга олиб, халқдарни янада бирлаштиришга кўмаклашади.

Сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, кейинги вақтда халқ дипломатияси халқаро муносабатларнинг асосий омилларидан бирига айланиб бормоқда, Бунда жамоат бирлашмалари ва ташкилотлари, халқаро ноҳукумат ташкилотлар бу жараёнга фаол жалб этилган, қардош шаҳарлар даражасида ҳамкорлик олиб борилмоқда, турли мавзудаги йўналишларда ижтимоий-сиёсий акциялар ўтказилмоқда, ёшлар ва хотин*қизлар ташкилотларининг алоқалари мустаҳкамланмоқда ва ривожланмоқда. Бунинг барчаси, энг аввало, мамлакатларнинг кўп томонлама алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган.

Тадбир иштирокчиларининг диққат-эътибори халқ дипломатиясининг муҳим йўналишларидан бири сифатида парламент дипломатиясининг аҳамиятига қаратилди. Мамлакатлар парламентлараро муносабатларнинг фаоллашуви ҳар бир халқ манфаатларини ҳисобга олиши, давлатлараро муносабатларда муҳим ўрин тутиши қайд этилди.

Тадбир очиқ мулоқот ва ўзаро фикр алмашиш шаклида ўтиб, унинг якунлари бўйича иштирокчилар миллий манфаатларни тарғиб қилишнинг муҳим омили сифатида халқ дипломатияси институтини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш зарурлиги ҳақида якдил фикрга келишди.