Халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти Ўзбекистондаги лойиҳаларда иштирок этмоқчи

Good neighbors International – бош офиси Сеулда (Жанубий Корея) жойлашган бўлиб, йирик халқаро гуманитар нодавлат нотижорат ташкилотидир.

1991 йилдан бошлаб Good neighbors International бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, глобал ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ёрдамга мухтож инсонларга кўмак кўрсатиш бўйича кўплаб лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

Good neighbors International Жанубий Корея, Япония ҳукуматлари ва JAICA, KOICA, шунингдек, БМТнинг махсус ташкилотлари томонидан молиялаштирилади. Дунёнинг 40 давлатида, асосан ёрдамга мухтож ва ривожланаётган мамлакатларда ўз фаолиятини кўрсатади.

1996 йилда ушбу ташкилотга БМТнинг ЭКОСОС ташкилоти қошида Махсус консультатив мақом (статус) берилди, шунингдек, 2007 йилда уларнинг самарали фаолияти БМТ томонидан таъриф этилиб, махсус ёрлиқ топширилган.

Ушбу ташкилотнинг асосий мақсади – дунёни очарчиликдан қутқариш билан биргаликда, одамларнинг бахтли келажак қуришларини қўллаб-қувватлаш. 

Бўлиб ўтган учрашувда Good neighbors Internationalнинг Осиёдаги координатори Жаноб Мин Хо Чои, ташкилотнинг Қирғизистон ва Тожикистон координаторлари ҳамда Ассоциация Кенгаши Раиси Илҳом Насриев ўз ходимлари билан иштирок этди. Ассоциация Раиси меҳмонларни Ўзбекистонга қилган ташрифи билан қутлаб, уларга Ассоциация фаолияти, Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида қилинаётган ижобий ўзгаришлар ҳақида таништирди. Халқаро ташкилотнинг Осиёдаги координатори Жаноб  Мин Хо Чои ўзининг ташкилоти тўғрисида маълумот бериши билан биргаликда, Ўзбекистонда қандай лойиҳаларга қизиқиш билдиришини айтиб ўтди. Шунингдек, меҳмонлар Ўзбекистон Республикасида халқаро нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш тартиб-қоидалари тўғрисида маълумот олдилар. Жаноб Мин Хо Чои юртимизда халқаро нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш, уларнинг фаолият кўрсатиши борасида имкониятлар кенгайганлиги тўғрисида маълумот олиб, ижобий ўзгаришлардан ўз ҳайратини яшириб ўтирмади. Уларга берилган маълумотлардан қониқиш хосил қилиб, тез орада Ўзбекистонда фаолият кўрсатишни бошлаш ҳақида маълум қилдилар. Ассоциация ва Good neighbors International ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзолаш лозимлиги таъкидлаб ўтилди. Ассоциация Раиси уларни яна Ўзбекистонда кутиб қолишини таъкидлаб ўтди. Учрашув сўнгида Good neighbors International томонидан Ассоциация Раисига эсдалик совғаси топширилди ҳамда эсдалик учун суратга тушдилар.

ЎзННТМА матбуот хизмати