Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 57-сонли қарори билан тасдиқланган Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 18-бандига кўра халқаро ва хорижий ННТларнинг ваколатхоналари ва филиалларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун рўйхатдан ўтказувчи органга ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича ариза берилади, аризага бош ташкилотнинг марказий раҳбар органи томонидан тасдиқланган қуйидаги ҳужжатлар икки нусхада илова қилинади:
бош ташкилотни тузиш мақсадлари ва вазифалари кўрсатилган ҳолда уставнинг ҳамда рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг белгиланган тартибда легаллаштирилган ёки апостиль қўйилган нусхалари;
Ўзбекистон Республикасида ваколатхона ёки филиал очиш (ташкил этиш) тўғрисида бош ташкилотнинг қарори (баённомаси), унда ваколатхона очишга (филиални ташкил этишга), унинг низомини (уставини) тасдиқлашга, раҳбарини (раҳбарларини) тайинлашга белгиланган тартибда легаллаштирилган ёки апостиль қўйилган маълумотлар бўлиши керак;
ваколатхона ёки филиал тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган, уни очишдан (ташкил этишдан) кўзланган мақсадлар ва вазифалар ҳам кўрсатилган, ўзбек ва рус тилларидаги низом (устав);
бош ташкилот томонидан ваколатхона ёки филиал раҳбарига берилган, белгиланган тартибда легаллаштирилган ёки апостиль қўйилган ишончнома;
бош ташкилотнинг фаолияти тўғрисидаги белгиланган тартибда легаллаштирилган ёки апостиль қўйилган ахборот;
ижарага берувчининг тегишли биноларни ваколатхона ёки филиалга бериш тўғрисидаги розилик хати;
давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги банк тўлов ҳужжати;
ваколатхона ёки филиалнинг раҳбари ҳамда ходимлари тўғрисидаги маълумотлар, уларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва жойи, фуқаролиги, касби, яшаш жойи ҳамда телефон рақами кўрсатилган ҳолда;
ваколатхона ва филиал фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисида ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шакл бўйича декларация.
Манба: http://minjust.uz/