Қарши шахридаги “Дўстлик уйи” мажлислар залида ЎзННТМА Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан “Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурида ўз ташаббуси билан очилган ННТларнинг мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ечишда давлат ташкилотлари билан ҳамкорлиги” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.
Давра суҳбатида Қашқадарё вилоят ҳокимлиги, Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси аъзолари, вилоятда фаолият юритаётган давлат органари, ННТлар, махаллий кенгашларга сайланган депутатлар, жамоатчилик кенгашлари аъзолари хамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Давра суҳбатида ННТларни давлат ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларни бажаришда иштирокини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари, ННТлар билан ҳамкорликда аҳолининг заиф қатламларини касбга қайта тайёрлаш ҳамда ННТлар билан давлат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлик ёндашуви мавзусида маърузалар тингланди.
Қайд этилдики, вилоятдаги биргина “Юксалиш” ахборот маслаҳат ресурс маркази томонидан 2022 йил давомида аҳолининг заиф қатлами яъни ишсиз, банд бўлмаган ёшлар, хотин-қизлар, оилавий зўравонликдан жабр кўрган аёллар, ички ва ташқи миграция иштирокчиларини касбга йўналтириш бўйича бир қатор грант лойиҳалари амалга оширилди.
Хусусан, 248 нафар фуқаролар сртарошлик, пайвандчилик, электромонтер, сантехника йўналишлари бўйича 2 ойлик курсларда ўқитилди ва касб эгаси бўлишлари учун барча зарурий шарт-шароитлар, услубий қўлланмалар билан таъминланди.
Тадбир сўнггида мазкур ишлар кўламини кенгайтириш, бошқа ННТларни ҳам фаолликка чорлаш, бу борада давлат органлари билан ҳамкорликда ишлаш масалалари бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.
ЎзННТМА Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси