Навоий шаҳрида жойлашган Мономарказда "Давлат ташкилотлари ва ННТлар ўртасида ижтимоий ҳамкорликни кучайтириш - давр талаби" мавзусида давра суҳбати ўтказди.
Унда ЎзННТМА тренерлар штаби аъзоси, "Саодат сари" ижтимоий кўмак маркази раҳбари Ш.Шокирова Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда кичик бизнесни ривожлантиришга қўшимча шароитлар яратиш чора-тадбирларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини давлат ташкилотлари ҳамда ННТлар билан ҳамкорликда амалга ошириш, ижтимоий шерикликни кучайтириш, соҳадаги муаммоларни биргаликда ҳал этиш, марказ битирувчиларини бандлигини таъминлашда ҳамкорликни йўлга қўйиш каби масалаларда фикрларини билдирди.
Шу билан бирга тадбирда Мономарказ билан ҳамкорлик қилиш учун нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан марказ битирувчиларини бандлигини таъминлаш, марказ тингловчилари учун маҳорат дарслари, пресс-турлар ташкил этиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий билимларини ошириш каби масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Қайд этилдики, 2022 йилнинг ўзида вилоятдаги ЎзННТМА аъзоси бўлган ННТлар томонидан 150 га яқин доимий иш ўринлари яратилган. Биргина "ZIYOKOR" ННТ аёллар ва ёшлар маркази томонидан ўтган даврда 316 нафар ишсиз хотин-қизлар ва ёшлар ўқитилиб, шундан 79 нафарига ҳоким ёрдамчилари тавсияси асосида имтиёзли кредит ва субсидия ажратилган, 21 нафари мавсумий ишга, 8 нафари доимий ишга жойлаштирилган.
Вилоятда камбағалликни қисқартириш борасида ННТлар томонидан олиб борилаётган тажрибаларни оммалаштиришга ҳамда янги ташкил топган ННТларни тажрибали ННТларга бириктириш орқали уларнинг ҳам фаоллигини оширишга келишиб олинди.
ЎзННТМА Навоий вилояти ҳудудий бўлинмаси