Қалбларга меҳр улашган спорт мусобақаси

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Ўзбекистон Енгил атлетика федерацияси, Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоцацияси Тошкент шаҳар ҳудудий бўлими билан ҳамкорликда 2019 йил 3 декабрь куни Халқаро ногиронлар кунига бағишлаб “Иқтидор ва салоҳиятимиз чексиз” шиори остида спортнинг енгил атлетика турлари бўйича паралимпиячилар учун ЎзННТМА кубоги мусобақалари ҳамда якунида маънавий-маданий тадбир ўтказилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикасини, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2019–2022 йилларда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш Концепцияси ҳамда 2019–2022 йилларда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари Дастури тасдиқланган эди.

Ушбу йўналишдаги вазифаларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни ва роли тадбир ташкилотчилари томонидан алоҳида таъкидланди. Жумладан, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, зарарли одатларга қарши курашиш, аҳолининг тиббий маданиятини ривожлантириш, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва оммавий спорт ҳаракатини тиббиёт профилактикаси билан интеграциялаштириш бўйича оммавий тадбирларни ўтказишда ЎзННТМАнинг фаол иштироки эътироф этилди.

Ҳақиқатдан ҳам, бугунги кунда мамлакатимиз миқёсида кенг жамоатчиликнинг тиббий маданиятини ошириш, аҳоли, айниқса ёшлар орасида сиҳат-саломатликдек бебаҳо бойликни асраб-авайлаш лозимлиги кенг тарғиб этилмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, соғлом турмуш тарзига амал қилиш, саломатлигимизни ўз вақтида қадрлаш билан кўплаб оғир хасталикларнинг олдини олишга муваффақ бўлишимиз мумкин. Қолаверса, соғлом турмуш тарзи – бахтли ва фаровон ҳаёт асоси (гарови) ҳисобланади. Юртимизда спортга қаратилаётган эътибор, аҳолининг жисмонан соғлом ва баркамол бўлиши улар тафаккурининг шаклланиши орқали, теран фикр юритишида муҳим аҳамият касб этади.

Бугун мамлакатимизда аҳоли турмуш фаровонлиги йўлида соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. ЎзННТМА томонидан қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказилган “Паралимпиадачилар учун ЎзННТМА кубоги” мусобақалари ҳам шулар жумласидан бўлиб, унда енгил атлетика спортининг 100 ва 200 метрга югуриш, 4х100 метрга эстафета, ядро улоқтириш турлари бўйича 60 нафар паралимпиячилар иштирок этишди.

Мазкур мусобақани ўтказишдан мақсад “Мазкур тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад жисмоний имкониятлари чекланган ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, улар орасида паралимпия ҳаракатини ривожлантириш орқали имконияти чекланганларнинг жамиятга фаол интеграциялашувини таъминлаш, ўртадаги дўстлик ва ўзаро меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ҳаётга қизиқишини ошириш, иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида инсонпарварлик фаолиятини амалга оширишдан иборатдир” деб таъкидлади ЎзННТМА Кенгаши раиси Насимжон Алимов. Зеро, “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!”.

Қолаверса, соғлом турмуш тарзи – инсоннинг маънавий, ақлий, руҳий ва жисмоний хусусиятларга эга бўлишга ҳаракат қилишдир. Соғлом турмуш тарзи инсон соғлом ва узоқ умр кечиришини таъминловчи муҳим жараён бўлиб, у кўплаб тиббий-ижтимоий омилларга боғлиқдир.

Мамлакатимизда бу борадаги чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилган ва замон талабидан келиб чиқиб такомиллаштирилмоқда. Бу борадаги натижаларни янада юксалтиришда аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини изчил тарғиб этиш, ҳар бир инсонда ўз соғлиғи учун масъуллик ҳиссини кучайтириш, ёшлар ўртасида жисмоний фаолликни кенг тарғиб этиш муҳим аҳамиятга эга. Халк соғлиги жамият ривожланишининг асосий кўрсаткичидир.

Мусобақа якунлари ва тақдирлаш маросими маданий тадбирларга уланиб кетди ...