Ижтимоий тадбиркорлик ва имкониятлар

Фарғона шаҳар “ННТлар уйи”да Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси Фарғона вилояти ҳудудий бўлими томонидан ногиронлиги бўлган шахслар, ижтимоий тадбиркорлик йўналишида ишлаётган корхоналар фаолиятига бағишланган семинар ўтказилди.

Семинарда ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳаётнинг тўлақонли аъзоси сифатида иштирокини таъминлаш мақсадида қабул қилинган қонун ва қарорлар ҳамда уларда кўзда тутилган имтиёзлар, ушбу имтиёзларни қўллаш тартиблари ҳақида батафсил тушунтириш берилди.

Хусусан, тадбиркорлик субъектлари томонидан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган фуқаролар ишга қабул қилинганда 2025 йил 1 январга қадар тадбиркорлик субъектлари ушбу фуқароларга камида бир йил давомида ҳар ой МҲЭКМнинг 1 баравари миқдоридан кам бўлмаган иш ҳақи тўлаб, бандлигини таъминлаган ва улар жами ишчилар сонининг камида 20 фоизини ташкил этганда, мол-мулк солиғи ва ер солиғидан имтиёз берилиши ҳамда фуқаролар ишга қабул қилинганда ҳамда ҳар бир ой учун иш ҳақи миқдори МҲЭКМнинг 1 баробаридан кам бўлмаган миқдорда ҳисобланганда, ойлик иш ҳақи бўйича тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи республика бюджетидан иш берувчига (ҳар бир ишчи учун БҲМнинг 2 баробаридан ошмаган миқдорда) қайтариб берилиши ҳамда уларга ижтимоий солиқ ставкаси 50 фоизга камайтирилган ҳолда қўлланилиши каби қонунчиликдаги мавжуд масалалар юзасидан хабардорлиги оширилди.

Шунингдек унитар корхона раҳбарлари фаолияти давомида уларни қийнаётган ҳуқуқий ва тизимли муаммолар юзасидан мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.