Ижтимоий шерикликнинг замонавий модели

Мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва бу жараёнда ижтимоий шериклик муносабатларини такомиллаштириш механизмларини амалиётга жорий этиш долзарб аҳамият касб этмоқда.
 
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ташаббуси билан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган «Ўзбекистонда ижтимоий шерикликнинг замонавий моделини ишлаб чиқиш» мавзусидаги онлайн давра суҳбати ана шундай муҳим масалалар таҳлилига бағишланди.
 
Масофавий давра суҳбатида Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ва бошқа ташкилотлар вакилларидан иборат 100 га яқин мутахассислар, профессор-ўқитувчилар ва тадқиқотчилар иштирок этди.
 
Давра суҳбати Ўзбекистон Миллий университетида бажарилаётган «Ўзбекистонда ижтимоий шерикликнинг бугунги кун талабларига мос келадиган моделларини ишлаб чиқиш» мавзусидаги амалий лойиҳа доирасида ташкил этилди.
 
Онлайн давра суҳбати ижтимоий шериклик жараёнларини назарий жиҳатдан тадқиқ этувчи етакчи олимлар ҳамда шу йўналишида бевосита фаолият олиб бораётган амалиётчи мутахассисларнинг илғор тажрибаларини умумлаштириш, оммалаштириш мақсадида ташкил этилган бўлиб, бу ҳамкорлик мамлакатимиз ривожининг янги босқичида ижтимоий шериклик жараёнларининг самарадорлигини янада оширишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлаш лозим.
 
Давра суҳбатида айни долзарб мавзуга оид бир қанча маърузалар тингланди.
 
Тадбир давомида Президентимизнинг қуйидаги фикрларига бир неча марта алоҳида урғу берилди: «Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари бугунги кунда аҳолини ўйлантираётган муаммоларга давлат идоралари эътиборини қаратиб, ўзларининг асосланган таклифларини бериб боришлари мақсадга мувофиқ бўлади. Бунинг учун мамлакат ва ҳудудлар даражасида нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ижтимоий шерикликни кенг йўлга қўйиб, грантлар ва ижтимоий буюртмаларни кўпайтиришимиз керак».
 
Ўтказилган масофавий давра суҳбатида муҳокама қилинган масалалар давлатимиз раҳбари томонидан келтириб ўтилган масалаларга ўзига хос самарали ечим бера олишига ишонч билдирилди.