Ижтимоий шерикликнинг янги босқичи

Мамлакатимизда 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифалар тасдиқланиб, уларни амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилган ҳамда ҳар бир йўналишда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу йилнинг 2 июль куни Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда Лаъл Баҳодир Шастри номидаги Ҳиндистон маданият маркази ва Ҳиндистон Республикасининг  Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига оид концепциясида глобал ижтимоий ҳамкорлик соҳасида кўзда тутилган мақсад-вазифалар юзасидан қатор лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.

Жумладан, эришилган келишувларга кўра, яқин 5 йилда  Ўзбекистоннинг ижтимоий соҳаларида камида 20 та лойиҳа амалга оширилади. Ушбу лойиҳалар халқаро даражада кадрларнинг салоҳиятини ривожлантириб бориш, бу кўникмаларнинг ҳаққонийлиги ва халқаро даражада баҳоланишига қаратилган. Лойиҳалар доирасида 20 та ижтимоий йўналишда ННТ таркибида халқаро даражадаги кўникмаларни баҳолаш марказлари очилиб, бу баҳолаш марказлари кадрларнинг квалификациясини белгилаб боришга йўналтирилади. Бу жараён нафақат баҳолаш, балки кўникмалари етарли бўлмаган ходимлар учун квалификацияларини талаб доирасида ривожлантириш механизмини ҳам назарда тутади.

Бундан ташқари, келишилган ижтимоий лойиҳалар доирасида туризм, ахборот коммуникация технологиялари, экология ва соғлом ҳаёт масалаларига доир қатор саъй-ҳаракатлар ҳам кўзда тутилган. Хусусан, мамлакатимиздаги ННТларнинг техник жиҳозланиши ва бу хизматни амалга оширадиган кадрлар салоҳиятини доимий равишда халқаро талаблар асосида ошириб боришга қаратилган лойиҳаларнинг мавжудлиги қувонарли ҳол.

Грант асосида ҳар бир лойиҳа учун 1,5 миллион АҚШ доллари ажратилади. Жами 20 та турли ижтимоий лойиҳалар кадрлар салоҳиятини ЮНЕСКОнинг ҳар бир квалификация даражаси учун ишончли, ваколатли баҳоланишига (UNESCO – RVA – Recognition, Validation and Assessment foreach qualification) қаратилган. Бу грантларни жорий этиш учун Ўзбекистонда Ташқи Инвестиция ва савдо вазирлиги масъул этиб тайинланган. Ушбу вазирлик ва Ўзбекистон ННТ экспертлари томонидан тўлиқ шаффофлик таъминланган ҳолда мониторинг олиб борилади. Таъкидлаш жоизки, лойиҳаларда ўзаро ҳамкорлик ижтимоий толерантликка асосланган.

Асосий сектор сифатида туризмдаги 20 га яқин хизмат турларига ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш ҳисобига Ўзбекистонда RVAInteleggence System – туризм мисолида ишончли ва ваколатли кадрлар сифатида баҳоланган кадрлар томонидан ўрганиш учун маълумотлар, ўргатадиган ўқитувчилар ва баҳоловчилар платформаси шаклланади. Бу кейинчалик босқичма-босқич бошқа соҳаларда ҳам жорий этиб борилади.

Бир сўз билан айтганда, мазкур учрашув доирасида Ўзбекистон ва Ҳиндистон халқлари ўртасида янги ижтимоий шекрикликнинг тарихий саҳифаси очилди десак, муболаға бўлмайди. Ўзаро ҳамкорликда амалга ошириладиган янги лойиҳалар келгусида юртимиздаги кадрлар салоҳиятини халқаро талаблар даражасига кўтаришга хизмат қилади.

Таъкидлаш керакки, ЎзННТМА ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ўрнатилаётган ҳамкорлик алоқалари кундан-кунга ўзининг ижобий натижасини кўрсатмоқда. Жумладан, юқорида тилга олинган халқаро ташкилотлардан ташқари, миллий сегментдаги ННТлар, жумладан  “Гострономик туризм” ассоциацияси ва “Агро инновация” нодавлат ташкилоти, Инглиз тили ўқитувчилари ассоциацияси ва бошка ННТлар раҳбарлари иштирокидаги навбатдаги амалий учрашув ҳам бунга мисол бўла олади. Ушбу учрашув ва амалий семинарларда юқорида тилга олинган ННТлар билан биргаликда турли ижтимоий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, уларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида ишчи гуруҳ ва экспертлар кенгаши шакллантирилди.